Апрель ойи дунёга машҳур Apple компаниясига асос солингани билан тарихга кирган. Ушбу компания тарихи «Дарё» ҳикоя қилади.
Apple Computer Company
Инглизчадан таржима қилганда «олма» деб таржима қилинадиган Америка компанияси асосан электроника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Компания ишлаб чиқарган маҳсулотлар орасида энг таниқлилари Macintosh компьютерлари, iPod, iPhone, iPad, Apple Watch соатлари, iTunes мултимедиа ўқиш дастури, iWork офис пакети, iLife мултимедиа тўплами, шунингдек, Final Cut Pro, Logic Pro сингари дастурлари. Хўш, ҳаммаси қандай бошланган?
1976 йил 1 апрель куни Стив Жобснинг болалик уйидаги гаражида Стив Жобс, Стив Возниак ва Рональд Уэйнлар томонидан Apple’га асос солинди. 1977 йил 3 январь куни Apple Computer Company номи остида компанияга айлантирилди. Компания ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ва маҳсулотларининг хилма-хиллигини ошириш мақсадида фирма номидаги «Computer» сўзи олиб ташланди.
Apple ва Стив Жобс
Кўпчилик компания асосчиси сифатида биладиган Стив Жобс 1985 йил ўша пайтдаги бош директор Жон Суллей билан келиша олмай қолгани сабабли компанияни тарк этишга мажбур бўлди. Шундан сўнг у NeХТ компаниясига асос солади. Бу ҳам Apple’га ўхшаган компьютерларга асосланган фирма бўлиб, кейинчалик 1996 йилда Apple томонидан сотиб олинди. Шунингдек, у Жорж Лукасдан Pixar кинокомпаниясининг акцияларини ҳам сотиб олди ҳамда бошқарув кенгаши аъзосига айланди ва Walt Disney Company’нинг илк индивидуал аксионерига айланди.
1997 йил Apple бошқарувига қайтганидан кейин компаниянинг гуллаб-яшнаш даври бошланди. Маҳсулотлар хилма-хиллиги ошиб кетди. Аммо 2004 йили у оғир хасталикка чалиниб қолди ва 2011 йил 25 август куни ўз вазифаларини бажаришдан воз кечди ва ўрнини Тим Кукка бўшатди. Аммо бошқарув кенгаши раиси лавозимини ўзида сақлаб қолди. Стив Жобс 2011 йил 5 октябрь куни 56 ёшида вафот этди.
Компания логотипи ва шиори
Компаниянинг логотипи номига монанд олма тасвири, аниқроғи, тишланган олма тасвири эканини кўпчилик билади. Лекин бу бошидан шунақа бўлганми, деган савол бўлиши табиий. Аслида, Apple’нинг илк логотипи бугунгидан тубдан фарқ қилган. Компания номи ғоясини Стив Жобс тақдим этган бўлса, дастлабки логотипини Раймонд Уэйн чизган. Унда олма дарахтига суяниб ўтирган машур инглиз физик олими Исаак Ньютон тасвири туширилган. Сурат атрофидаги чегара чизиғида Уильям Вордсворснинг «Prelude» достонидан парча келтирилган: «Newton… A mind forever voyaging through strange seas of thought… alone».
Аммо ушбу логотип 1977 йилнинг бошидаёқ алмаштирилди. Бу сафаргиси камалак ранглари билан бўялган ўша машҳур тишланган олма тасвири эди. Ушбу дизайн муаллифи Роб Жанофф ҳисобланади. Олманинг тишланганини у одамлар олча билан аралаштириб юбормасликлари учун рангларни эса компания ишлаб чиқарган Apple II компьютерларининг рангли тасвирларининг рамзи деб тушунтирди.
Ушбу логотип 1998 йилда iMac G3 компьютерларининг чиқарилиши билан монохроматик олмага алмаштирилди. Аммо камалак рангли логотип ҳам Mac ОS 8 ва Mac ОS 9 операцион тизимларида биргаликда ишлатилишда давом этди. Фақатгина 2001 йил 24 мартга келиб янги монохром олма тасвири камалак ранг олма ҳаётига нуқта қўйди. Ҳозиргача Apple монохром тасвирли олмадан фойдаланиб келмоқда.
Ҳар бир компанияда бўлгани сингари Apple’нинг ҳам ўз шиори бор. Компаниялар шиорлари кўпинча ўз фаолият туридан, маркетинг фалсафасидан келиб чиқади. Apple’нинг илк шиори 1976 йилда ишлаб чиқарилган Apple I микрокомпьютери брошюрасида «Byte into an apple» тарзида берилган эди.
1997 йилдан 2002 йилгача ҳалигача машҳур «Think different» шиори ишлатилди. Ҳозирда расман ишлатилмаса-да, Apple’нинг шиори сифатида қабул қилинади. Умумий шиорлар билан бир қаторда маълум бир маҳсулотлар учун ҳам алоҳида шиорлар ишлаб чиққан. Масалан, 1998 йилда ишлаб чиқарилган iMac маҳсулотлари учун «Think, therefore iMac» шиори ишлатилган. Macintosh намойиш этилганда «Hello», iMac учун «Hello (again)», кейинчалик iPod ва iPhone учун жуда ўхшаш шиорлар ҳам ишлатилди: «Say hello to iPod» ва «Say hello to iPhone»
Компаниянинг машҳур маҳсулотлари
1976 йил илк микрокомпьютер Apple I ишлаб чиқилди. Келаси йилдан бошлаб эса дунёда илк серияли миқдорда ишлаб чиқарилган Apple II ишлаб чиқарила бошланди. Ушбу маҳсулот сотувидан тушган даромад компаниянинг асосий даромад манбайига айланди ва 80 йилларнинг ўрталарида даромаднинг асосий катта қисмини ташкил қилди.
Компаниянинг 20 йил мобайнида асосий маҳсулоти сифатида ишлаб чиқарилган Macintosh оиласига мансуб маҳсулотлар катта шуҳрат қозонди. 2014 йилга келиб улар орасида қуйидагилар бор эди:
1998 йилда ишлаб чиқарила бошланган iMac барчаси бирда компьютерларининг шуҳрати инқироз ёқасида турган компанияга ўзини тиклаб олишига имкон берди. 2008 йилдан бошлаб MacBook Аir ултра-юпқа қўл компьютерлари ишлаб чиқарила бошланди ва у 2011 йилда MacBook’ларнинг ўрнини эгаллади. Macintosh оиласининг навбатдаги маҳсулоти MacBook Pro Retina 15 ва 13 дюмли қўл компьютерлари. 2012–2013 йилларда MacBook Pro компьютерларини ўрнини эгаллади. Унинг афзалликлари юқори аниқликдаги экран, юпқароқ, ички CD/DVD дисководсиз ҳамда SSD қаттиқ диск. Шунингдек, у HDMI 1,4 алоқа порти билан ҳам жиҳозланган. Workstation типидаги MacPro компьютери ҳамда MacМini стол компьютерлари ҳам Macintosh оиласига мансуб компьютерлар сафига киради.
Навбатдаги маҳсулот 2001 йилдан ишлаб чиқарила бошлаган iPod мусиқа плееридир. Apple мазкур маҳсулот орқали жаҳон мусиқа саноатига кириб борди ва бугунги кунда мусиқа плеерлари орасида етакчилик қилмоқда. 2001 йилдан то бугунга қадар 275 миллион дона iPod сотувга чиқарилди. Ҳозирча iPod’нинг тўрт хил оиласи ишлаб чиқарилган: iPod nano, iPod shuffle, iPod touch, iPod classic. iPod classic 2014 йилдан, iPod nano ва iPod shuffle 2017 йилда сотувдан олинган ва ишлаб чиқариш тўхтатилган. Фақатгина iPod touch 2019 йилги охирги версияси билан ҳамон сотувда қолмоқда.
Шубҳасиз, Apple’га шуҳрат келтирган, уни смартфон бозорида пешқадамга айлантирган iPhone’дир. 2007 йилда Стив Жобс томонидан тақдим этилган iPhone мана 13 йилдирки жаҳон смартфон бозорида ўзининг харидоргирлиги ва сифати жиҳатидан етакчилик қилиб келмоқда. iPhone ўзида смартфон, iPod ва интернет-мижозни бирлаштирган ягона қурилма эди.
iPhone учун махсус iPhone ОS операцион тизими ишлаб чиқилди. Бугун у iOS деб номланади. 2008 йилда iPhone учун махсус дастурлар юклаб олиш имконини берувчи АppStore дўкони очилди. Деярли ҳар йили Apple ўз мижозларига янги версиядаги iPhone’ларини янгича кўриниш ва янги қулайлик, имкониятлар билан тақдим этади. Компания 2019 йил 10 сентябрь куни бира тўла учта янги iPhone тақдим этди. Булар iPhone 11, 11 Pro ва 11 Pro Max 11 Pro ва 11 Pro Max қурилмалари Apple’да биринчилардан бўлиб учталик фотокамера билан жиҳозланди.
Apple’нинг навбатдаги машҳурликка эришган маҳсулоти компания ишлаб чиқарган iPad’лардир. Биринчи марта 2010 йилда Стив Жобс томонидан тақдим этилган iPad iOS’нинг модификацияланган версияси билан жиҳозланди. iPad планшет типидаги қурилма бўлиб, смартфон ва қўл компьютерлари ўртасидаги жиҳоз бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари, Apple iPad мини қурилмасини 2012 йилдан бошлаб ишлаб чиқара бошлади.
2014 йил 9 сентябрда Apple электроника бозорига яна бир янги маҳсулот билан кириб келди. Бу Apple соатлари эди. 2015 йилдан сотувга чиқарилган Apple Watch, Apple Watch Sport ва 18 каратли олтиндан тайёрланган Apple Watch Edition соатлари алоҳида WatchОS операцион тизими билан жиҳозланган эди. Соат iPhone 5 ва ундан юқори авлод iPhone’лари билан ишлайди ва соатни кўрсатишдан ташқари бошқа турли хил вазифаларни, жумладан, спортчилар учун пулсометр вазифасини ҳам ўтайди.
Apple 2016 йил Apple Watch Series 2, 2017 йил Apple Watch Series 3, 2018 йил Apple Watch Series 4, 2019 йилда эса Apple Watch Series 5 соатларини ишлаб чиқарди. Уларнинг дизайни барчасида бир хилда сақлаб қолинган бўлса-да, ичидаги функциялари ўзидан олдингисидан яхшиланган ҳолатда ишланган.
Компания нарх сиёсати
Apple’нинг кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир жиҳати унинг маҳсулотлари нархининг нисбатан юқори эканидир. Масалан, 1980 йиллар давомида Macintosh компьютерларининг нархи ўзининг аналоги бўлмиш IBМ PC шахсий компьютерлари нархидан икки баравар қиммат эди. 1990 йилларда Интел корпорацияси ишлаб чиқарган Pentium компьютерларидан уч баравар қимматга сотиларди.
Нархларнинг қимматлиги ўша пайтда Macintosh компьютерларининг ривожланиши бошқа компьютерларга нисбатан секинлаштиришига олиб келди. Бугунги кунда ҳам Windows’да Mac ОS’га ўтмоқчи бўлган фойдаланувчилар учун маҳсулот нархи жуда юқорилигича қолмоқда. 2005 йилда Apple арзон нархли Mac Мini компьютерини сотувга чиқарди. Компания маҳсулотларининг қимматлиги унинг ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиладиган материаллари қийматининг баландлиги ва умумий ҳаётий циклининг юқорилиги билан изоҳланади.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)