Бухорода карантин пайтида шахсий автомобилда ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномани қалбакилаштирган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро шаҳар 2-сон ИИБ катта терговчиси Жаҳонгир Юсупов маълум қилди.
Айтилишича, 2020 йилнинг 6 апрель куни Бухоро шаҳрида яшовчи 34 ёшли фуқаро А.Т. бошқарувчидаги Matiz тўхтатилиб, текширилганда COVID-19 махсус рухсатномаси қалбакилаштирилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 298-моддаси (Машиналарни бошқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарорига асосан, 2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилди.
Изоҳ (0)