Коронавирусга чалинган Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон интенсив терапия бўлимини тарк этди. Бу ҳақда Британия ҳукумати канцеляриясига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: AP Photo

«Бугун кечаси бош вазир интенсив терапия бўлимидан оддий палатага ўтказилди, унинг соғлиғи тикланишининг дастлабки босқичида назорат остида бўлади», — дейилади хабарда.

Борис Жонсон коронавирус билан касаллангани ҳақида 27 март куни маълум бўлганди. 5 апрель куни у эҳтиёт чораси сифатида авлиё Фома шифохонасига ётқизилган. Бироқ кейинроқ сиёсатчининг соғлиғи кескин ёмонлашиб, жонлантириш бўлимига ўтказилган эди.

Аввалроқ Борис Жонсонни эпидемия хавфидан огоҳлантирган шифокорнинг ўзи коронавирусдан вафот этгани маълум бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Буюк Британияда коронавирус билан касалланганлар сони 65 минг кишидан ошган, қарийб 8 минг одам вафот этган.