Бутун дунёда коронавирус пандемиясидан вафот этганлар сони 70 минг кишидан ошди. Вафот этганларнинг кўпчилигини европаликлар ташкил этади. Бу ҳақда Жонс Ҳопкинс университети маълум қилди.
Маълум қилинишича, дунёда коронавирус юқтириб олганлар сони эса 1 286 000 кишига етган.
Касалликдан вафот этганлар сони бўйича 15,8 минг киши билан Италия етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринда 13 минг нафар қурбон билан Испания кетмоқда. АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони 9,6 минг кишига етган бўлса, Францияда бу кўрсаткич 8 минг кишига етган. Буюк Британияда пандемия 4,9 минг кишининг умрига зомин бўлган.
The Guardian’нинг ёзишича, сўнгги кунларда Европа мамлакатларида коронавирус сабабли юзага келаётган ўлимлар сони камаймоқда. Сўнгги бир суткада Италияда 525 та ўлим қайд этилган — бу сўнгги икки ҳафтадаги энг кам суткалик кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, Францияда ҳам сўнгги суткада ўлим билан боғлиқ ҳафтадаги энг паст кўрсаткич қайд этилган. Испания расмийлари қайд этилган ўлимлар сони уч кундан буён камаяётганини маълум қилган.
Шунингдек, ўлимлар сони камайиши Осиёда ҳам қайд этилмоқда. Хусусан, Жанубий Кореяда сўнгги бир суткада 55 та ўлим қайд этилган бўлиб, у 29 февралдан буён кузатилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Хитойда бир суткада 39 та янги касалланиш ҳолати ҳамда битта ўлим қайд этилган.
АҚШда эса ўлим даражаси юқори даражада қолмоқда. Аввалроқ Оқ уй экспертлари энг ёмон ҳолатда касаллик 2,2 миллион кишининг умрига зомин бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Экспертларнинг эҳтимолга яқин бўлган тахминлари эса 100-240 минг киши ҳалок бўлишини кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)