Карантин эълон қилинганига қарамай Тошкентнинг Юнусобод туманида куёв-навкар маросимини ўтказган келиннинг отасига жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати маълум қилди.

Тошкентнинг Юнусобод тумани Марказ-4 даҳасида 28 март куни анъанавий тўйнинг таркибий қисми ҳисобланган куёв-навкар маросими ўтказилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видеохабарлар тарқалган эди.

Воқеа жойига профилактика инспекторлари бориб, маросимда иштирок этувчиларнинг барчасини ИИБга олиб келганди. Келиннинг отаси бир кун аввал профилактика инспектори ва маҳалла раиси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 176-сон қарори билан таништирилиб, тўй ўтказиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирилган бўлган.

Шунга қарамай 55 ёшли А.Ш. 22 ёшли қизи К.Ш. ва 23 ёшли куёви А.А. ва унинг ўртоқлари иштирокида куёв-навкар маросимини ўтказганлиги юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу моддадаги жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан бошлаб тўй-маросимлар ўтказиш бекор қилинган эди. 27 мартдан бошлаб эса заруратсиз кўчага чиқиш, кўчада ва жамоат жойларида уч кишидан ортиқ бўлиб тўпланиш тақиқланган. Фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масофа сақлаши шартлиги белгиланганди.