Ўзбекистон маъмурий судлари томонидан 192 нафар шахсга нисбатан жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Хабар берилишича, маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг 178 нафарига нисбатан жами 61 882 500 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган, 14 нафар шахсга нисбатан иш юритишдан тугатилган.

Қайд этилишича, 192 нафар шахснинг 8 нафари аёл, 3 нафари 60 ёшдан ошган шахс, 1 нафари чет давлат фуқароси ҳамда 2 нафари фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти томонидан 2020 йил 26 мартда имзоланган қонунга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу кодекснинг 54-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача (27 март ҳолатига кўра, 1 115 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 22 мартдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 25 март куни соат 06:00 дан бошлаб жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситаларисиз, яъни ниқобсиз бўлган шахслар жаримага тортилади.

Аввалроқ ТошкентСамарқанд ва Фарғонада ниқобсиз юрган фуқаролар жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди. Қашқадарёда карантин қоидаларини бузган икки чойхоначи ва бир «қочоқ» жаримага тортилди.