Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва мамлакатнинг энг йирик шаҳри Олмаотада коронавирус инфекциясининг тарқалиш хавфи сабабли янги чекловлар жорий этилади. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, шаҳар аҳолиси ўз уйларини фақат озиқ-овқат ёки дори сотиб олиш ҳамда ишга бориш учун тарк этиши мумкин. Барча жамоат жойлари, шу жумладан, парклар, ўйин майдончалари ва соҳиллар ёпиқ бўлади. Вояга етмаганлар катталарсиз кўчада ҳаракатлана олмайди. Шаҳар кўчаларида уч кишидан ортиқ одамнинг тўпланишига йўл қўйилмайди. Тақиқ фақат оила аъзоларига таъсир қилмайди. Мазкур чоралар 28 март, шанба куни, ярим тундан бошлаб кучга киради.

Қозоғистон Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида 17 март кунидан касаллик тарқалишининг олдини олиш учун карантин эълон қилди. Кечаси жамоат транспорти тўхтатилади, йирик савдо марказлари ва ноозиқ-овқат дўконлар ёпилди, шаҳарлар секторларга ажратилди ва унга боғлиқ равишда аҳолининг ҳаракати чекланди.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 97 нафарга етди, улардан 55 нафари Нур-Султонда ва 34 нафари Олмаотада қайд этилган.

Қозоғистонда оммавий тадбирлар бекор қилинди, мактаб ўқувчилари таътилга эртароқ чиқди, давлат органларига хорижга хизмат сафарига чиқиш тақиқланди. Фуқароларга қўл бериб кўришмаслик тавсия қилинди.

Мамлакатда коронавирус тарқалиши муносабати билан 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди. Бу даврда қозоғистонликлар мамлакатни тарк эта олмайди