Америкалик астрономлар Astrophysical Journal орқали эълон қилган янги мақоласида Ураннинг нега ўз ўқи атрофида «ёнбошлаб» айланишига ойдинлик киритди. Сайёра ҳақидаги маълумотлар билан «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов таҳлиллари орқали танишасиз.

Хабарингиз бор, Қуёш системасидаги аксар сайёраларнинг у ёки бу даражадаги аниқ йўналишга эга қутблари мавжуд. Агар «юқоридан» қараса, сайёраларнинг кўпчилиги соат стрелкасига нисбатан қарама-қарши йўналишда айланади. Бироқ Уран сайёраси бундан мустасно бўлиб, у худдики «ёнбошлаган» ҳолатда, яъни тепадан пастга ҳаракатланади.

Фото: Google Photos

Одатда, бундай ғайриоддийликни изоҳлаш учун шундай гипотеза келтирилади: қачонлардир жуда қадимда Уран йирик космик объект билан тўқнашиб кетган ва натижада сайёранинг ўз ўқи атрофида айланиши шу қадар катта оғишга учраган дейилади. Бу сценарийни бутунлай инкор қилишга ҳам асос йўқ бўлса-да, лекин унинг бир нечта «ёпишмаган» томонлари борки, улар гипотезанинг ҳақ эканига шубҳа уйғотади.

Масалан, Ураннинг ҳеч бир табиий йўлдоши у каби «ёнбошлаб» олмаган, ҳамма йўлдошлари бошқа осмон жисмлари сингари ўз ўқи атрофида одатий айланади. Энг қизиғи шундаки, Уран йўлдошларининг аксарияти муз қотган жинслардан иборат. Ҳақиқатан ҳам қачонлардир Уран улкан зарба қабул қилиб олган бўлганида, юзага келган кучли қизиш ва иссиқлик натижасида муз йўлдошлар буғланиб йўқ бўлиб кетган бўларди. Бироқ кўриб турибмизки, йўлдошлар ҳануз музли. Демак, гипотезада нимадир етишмаяпти.

Мериленд университети астрономлари Зив Рогошински ва Дуглас Гамильтон томонидан таклиф этилаётган янги сценарийда юқорида айтилган зиддиятларга барҳам беришга уриниш мавжуд. Унга кўра Уран ўта фавқулодда улкан ҳалқалар системасининг гравитацияси туфайли оғиб қолган бўлиши мумкин, деган фараз илгари сурилмоқда.

Албатта, биз ҳалқали сайёра деганда биринчи навбатда Сатурнни биламиз. Лекин ҳалқалар Юпитер, Нептун ва Уранда ҳам мавжуд. Ҳозирги пайтда Ураннинг ҳалқалари жуда сийрак ва деярли сезиларсиз бўлиб, у жуда майда муз ва чанг зарраларидан иборат. Лекин олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра бундан 4,5 миллиард йил муқаддам Қуёш системаси  энди шаклланаётган пайтда унинг ҳалқалари анча йирик ва катта массали объектлардан тузилган бўлган. Бу ғояга  Сатурн ҳалқаларини ўрганаётган «Кассини» сайёралараро автомат станцияси юборган маълумотларнинг таҳлили ҳам ишора қилмоқда.

Фото: Google Photos

Рогошински ва Гамильтон моделига кўра йирик ҳалқалар системаси Уранни ўз ўқи атрофида сезиларли спинли прецессия билан айланишга мажбур қилган. Бу болалар ўйинчоғи бўлмиш пилдироқнинг айланаётиб бир муддат ёнбошлаб олишига ўхшайди. Ушбу прецессия кейинчалик сайёранинг орбитал прецессияси билан резонансга тушиб, сайёра бутунлай «ёнбошлаб» қолган. Спин ва орбитал прецессиялар орасидаги резонанс фанда спин-орбитал резонанси дейилади ва у ўқнинг кучли оғишини келтириб чиқариши мумкин. Сатурн ўқининг ҳам Юпитер томонга оғиб қолгани сабаби сифатида шундай резонанс сабаб бўлган деб ҳисобланади.

Авваллари ҳам Ураннинг ғайриоддий оғишини изоҳлаш учун худди шундай спин-орбитал резонанс гипотезаси таклиф этилган эди. Фақат унда резонансни келтириб чиқарувчи жисм сифатида ҳалқалар системаси эмас, балки гипотетик объект – тўққизинчи сайёра назарда тутилган. Бироқ тўққизинчи сайёра ўзи йўқ нарса бўлиши мумкин. Ва у мавжуд бўлган тақдирда ҳам нега фақат Уранни оғишга мажбур қилган, ундан наридаги Нептунга тегмаган, деган саволга жавоб излаш керак бўлади.

Мақола муаллифлари таклиф қилган гипотеза – ҳалқалар системасининг таъсири гипотезаси нисбатан ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Чунки ҳалқалар системасининг мавжудлиги ва Уран сингари гигант сайёраларнинг шаклланиш босқичида улар атрофида албатта ҳалқалар системаси мавжуд бўлиши эҳтимоли янги гипотезага ишонч бағишламоқда. Уран ва Нептун сайёралари учун йирик ҳалқалар системасининг мавжудлиги ҳолатини компьютерда моделлаштириш орқали олимлар ўз гипотезаларини математик жиҳатдан синаб ҳам кўрди.

Компьютер модели тақдим қилган натижаларга кўра, йирик массали объектлардан иборат ҳалқалар тизими Уранни бир неча миллион йиллар мобайнида аста-секинлик билан 70 градус оғишга мажбур қилган экан. Худди шу модел билан Нептуннинг ҳам 30 градуслик оғиш бурчагини изоҳлаш мумкин бўлади. Лекин Уран учун бу модел асосидаги оғиш кўрсаткичининг ўзи кифоя қилмади. Чунки сайёра ҳозирда 70 эмас, балки 90 даражага оғиш ҳолатида айланмоқда.

Демак, унга таъсир қилган яна нимадир бўлиши керак. Гамильтон ва Рогошински эса Ураннинг тўқнашув назариясини ҳам бутунлай инкор қилмаслик керак, деган фикрда. Хулоса қилиш мумкинки, Уранни ўз ҳалқалар системаси 70 градусгача оғдириб қўйгач, қандайдир унча катта бўлмаган объект, масалан, чоғроқ ўлчамли астероид ҳам бир зарба билан янада «ёнбошлатиб» қўйиши мумкин бўлган. Бунинг учун ўта йирик объект билан тўқнашув ҳам шарт бўлмаган.

Шу маънода айтиш мумкинки, Рогошински ва Гамильтон таклиф қилаётган сценарий билан аввалги тўқнашув сценарийси  инкор қилинмай, ўзаро бир-бирини тўлдирмоқда.