Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тошкентликлар ва пойтахт меҳмонларини карантин талабларига беписанд муносабатда бўлмасликка чақирди.

Фото: «Дарё»

«Бугунги кунда барчамиз нохуш эпидемиологик вазият гувоҳи бўлмоқдамиз. Ушбу вазиятни енгиб ўтиш учун ҳар биримиз мулоҳаза қилиб ва узоқни ўйлаб иш тутишимиз: борди-келдиларни чеклаб, ижтимоий алоқаларни қисқартиришимиз зарур.

Қайд этиш лозимки, умумий фаровонлик ҳар биримизга боғлиқ. Гап муҳим нарсалар бўлмиш — ҳаёт ва соғлиқ ҳақида кетганда, режалар, уйдан ташқаридаги кўнгилхушликлар, сафарлар, муҳим ишлар, иш юзасидан ёки дўстлар ва қариндошлар билан учрашувлар иккинчи даражали бўлиши керак. Бугунги кунда барчамиз учун саломатликдан бошқа ҳеч нарса аҳамиятга эга эмас.

Мен сизлардан вақтинчалик чекловларни хотиржамлик билан қабул қилишни ва белгиланган талабларга риоя қилишни илтимос қиламан. Юзага келган ноқулайликлар вазият талаби бўлиб, норозиликларга сабаб бўлмаслиги керак, зеро янги талаблар сизнинг ҳаётингизни асраш учун йўлга қўйилгандир. Ушбу чекловлар бизга коронавирус инфекциясининг тарқалишини тўхтатишда ва уни енгишда ёрдам беради», — дейилади мурожаатда.

Тошкент шаҳар ИИББ фуқароларга уйларини заруратсиз тарк этмаслик, гигиенага риоя қилиш зарурлигини эслатган ва карантин қоидаларини бузганлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахслар огоҳлантирилмоқда. 25 мартдан бошлаб эса ниқобсиз юрганлар жаримага торилади.