Ўзбекистон Марказий банки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, тўловларни амалга оширишда нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Марказий банк пластик карталардан фойдаланганда уларни спирт билан артиб туриш лозимлигини қайд этиб ўтди.

Марказий банкнинг таъкидлашича, ҳозирда айрим савдо нуқталарида товарларни онлайн харид қилиш, тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш, мобил иловалар орқали коммунал ва айрим бир марталик тўловларни тўлаш имкониятлари яратилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда карантин даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига:

  • тўловларни нақд шаклда амалга ошириш ва қабул қилишдан чекланиш;
  • нақд пулсиз (шу қаторда контактсиз тўлов карталари орқали) ҳисоб-китоблардан кенг фойдаланиш ва фойдаланилган банк картасини тиббиёт спирти ёки бошқа антисептик воситалар билан артиб, дезинфекция қилиб туриш;
  • шунингдек, тўловларни амалга оширишда имкон қадар банкларнинг масофавий хизматларидан, жумладан, интернет-банкинг, мобил иловалари ҳамда тўлов ташкилотларининг дастурларидан кенг фойдаланиш тавсия қилинади.