«Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов анъанавий тарих рукнида Цезарь шахсиятига боғлиқ воқеалар ва қизиқарли фактлар ҳақида маълумот беради.

Тарихда кўплаб буюк жаҳонгирлар ўтди. Уларнинг аксарияти зиддиятли шахсият бўлиб, Юлий Цезарь (Caius Julius Caesar) бунга ёрқин мисол бўла олади. У милоддан аввалги 44 йилнинг 15 март куни Рим сенаторларининг бир гуруҳи томонидан ўлдирилган.

Фото: Wikipedia

Юлий Цезарга ўхшаган шахсларга нисбатан, одатда, икки хил қараш шаклланган бўлади. Кимлар учундир  у доҳий, ғолиб, қаҳрамон бўлса, кимлар учундир қонхўр, золим, диктатор. Буюк Рим империясининг тамал тошини қўйган генерал, сиёсий арбоб ва ёзувчи Юлий Цезарь эрамиздан аввалги 100 йилда Римда таваллуд топган. Унинг бутун ҳаёти ва сиёсий фаолияти Рим республикасининг сўнгги асрида ижтимоий босимлар ва фуқаролик урушларига тўгри келди. Унинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган баъзи ҳолатлар ва шахсиятлар ҳақида қуйида ҳикоя қиламиз.

«Ҳатто сен ҳамми, ўғлим?»

Юлий Цезарнинг ўлдирилишида иштирок этганлар орасида сенатор Маркус Жуниус Брутус ҳам бор эди. У Цезарнинг жорияларидан бири бўлмиш Сервилианинг ўғли бўлган. Цезарь ҳукмронлиги пайтида унга юқори лавозимларни ишониб топширган ҳамда уни ўз ҳимоясига олган эди. Цезарь ўзининг ўлдирилиш пайтида ханжар кўтариб турган Брутусни кўриб, «Ҳатто сен ҳамми, ўғлим», дегани ҳужжатларда қайд этилган. Унинг гапидан баъзилар иккаласи ўртасида ота-ўғил алоқаси бор деб ҳисоблаб, Брутусни падаркуш деса, баъзилар шунчаки қадрлаш маъносида айтилганини илгари суради.

Цезарь вафотидан кейин ҳокимият учун курашларда Марк Антонийга қарши жангдаги мағлубиятдан сўнг Брутус эрамиздан аввалги 42 йилда Македонияда ўз жонига қасд қилди.

Императорларни ром этган Клеопатра

Ўз укаси билан ҳокимият учун курашда Миср маликаси Клеопатра Юлий Цезардан ёрдам сўрайди. Милоддан аввалги 48 йилда улар учрашади. Шундан сўнг улар ўртасида ишқий муносабатлар пайдо бўлади. Цезарнинг ёрдами билан Клеопатра Мисрда ҳукмронликни қўлга олади. Миср эса дефакто, Рим протекторатига айланади ва уларнинг Птоломей исмли ўғли дунёга келади. Цезарь вафот этган пайтда Римда бўлган Клеопатра зудлик билан ўз юртига қайтиб кетади.

Цезарь – диктатор

Ўзининг сиёсий ва ҳарбий фаолияти давомида Цезарь мутлақ ҳокимият учун кураш олиб борди ва бунга эришди ҳам. Барча унвон ва ваколатларни ўзида жамлаб, рақибларини йўқ қилиб ёки уларнинг ваколатларини чеклаб ташлайди. Барча ваколатли мансабларга ўз яқинларини қўяди. Сенаторлар ва судьяларнинг ваколатларини ҳам чеклашга эришади. Унда чексиз ҳокимият жамланган эди.

Фото: Wikipedia

Милоддан аввалги 44 йилнинг 14 февраль куни у Сенатдан ўзини умрбод диктатор (Dictator perpetuo) этиб номланишига эришди. Ушбу воқеалар норозилик ва хавотирларни кўпайтирди. Унинг охирги кунлари якунланаётган эди. Dictator perpetuo ваколати барча императорларда бўлишига қарамасдан, Цезарь ҳеч қачон император бўла олмади.

Цезарь – ёзувчи

Ҳарбий ва сиёсий саҳнада қанчалик юксак бўлса, ижод борасида ҳам Цезарь шунчалик етук шахс эди. Ёшликдан барча илмларни эгаллаган, ижод билан шуғулланиб, шеър ва достонлар ёзган, аммо улар бизгача етиб келган эмас деб ҳисобланади. Унинг грамматикага оид «De analogia» деган асари ҳам мавжуд. Шунингдек, «Фуқаролик урушларига шарҳ» асари ҳам анча машҳур.

Унинг энг кўп танилган асари «Галлияга қилинган урушлар шарҳи» асаридир. Бу асарда ўзининг бугунги Франция ҳудудида истиқомат қилган қадимги галларга қарши урушлари ҳақида, учинчи шахс тилидан ҳикоя қилади. Анча холис бўлишга ҳаракат қилганига қарамасдан, ўзининг муваффақиятларини ошириб кўрсатиш ва мартабасини кўтариш мақсадида ёлғонларни ҳам ишлатган.

Асарни ёзаётган пайтда унинг душманлари турли миш-мишлар тарқатаётган эди. Чунки Галлиядаги ғалабадан сўнг у иккинчи марта консулликка ўз номзодини кўрсатишга уринаётганди.

Цезарь Галлияда

Цезарь бойлик ва обрў тўплаш мақсадида мустақил равишда Галлияга уруш қилишга қарор қилади. Галлар унга трамплин вазифасини ўтаб беради. Милоддан аввалги 58 йилда у ўзини Алпнинг ғарбий қисмидаги галлар, Алпорти галлари ва Иллирия проконсули деб эълон қилинишига эришди.

У биринчи навбатда ҳелветларга қарши уруш эълон қилди. Бу пайтда Галлия мустақил, шу билан бирга ўзаро душман бўлган 60 га яқин миллатдан иборат бирлик эди. Уларнинг орасида Римга хайрихоҳлари ҳам бор эди. Цезарь галлиялик қабилаларни бирин-кетин эгаллади. Галлия урушлари 58 йилдан 51 йилгача давом этди. Цезарь Галлия билан қаноатланмай, Британия ва Германияга ҳам борди.

Фото: Wikipedia

Унга қарши курашган галларнинг лидерларидан бири бу Версингеториксдир. Милоддан аввалги 52 йилда ўз атрофида конфедерация тузиб, Цезарга қарши уруш қилди. Цезарь устидан ғалаба ҳам қилган, аммо қўшиндаги интизомсизлик сабабли охир оқибатда мағлуб бўлиб, ҳибсга олинган. Бу эса Галлиянинг эгалланишини якунига етказган. У бир неча йил қамоқда ўтирганидан сўнг бўғиб ўлдирилади.

Галларнинг Юлий Цезарь ва римликларга қарши кураши Франция халқ оғзаки ижодида кўп учрайди. Улар ичида энг машҳури, шубҳасиз, Астерикс ва Обеликснинг саргузаштлари ҳақидагисидир. Бу қаҳрамонлар ҳақида бир қатор мултфильм ва бадиий фильмлар суратга олинди. «Астерикс ва Обеликс Цезарга қарши», «Астерикс ва Обеликс: Клеопатра миссияси», «Астерикс олимпияда ўйинларида», «Астерикс ва Обеликс ҳазрати олияларининг хизматида» фильмлари ўзбек томошабинларига ҳам таниш. Бундан ташқари Астерикс ҳақидаги комикслар Франция ва бутун дунёда машҳур.

Цезарь ва Помпей: триумвират

Милоддан аввалги 60 йилда Цезарь ўз манфаатларини кўзлаб Генерал Буюк Помпей (Cnaeus Pompeius Magnuset) ва бой ва очкўз бўлган Маркус Лисиниус Красуслар билан яқинлашишга ҳаракат қилади. Улар ўртасида яширин битим тузилади. Ушбу битим тарихга «триумвират» деб номланади. Аммо 53 йилда Красуснинг парфияликлардан мағлубиятга учраб ўлдирилиши билан улар ўтасидаги алоқалар узилади.

Келаси йили сенат Помпейни Римнинг ягона консули деб эълон қилади ва у Римнинг энг қудратли кишисига айланади. Бу пайтда Цезарь ўзининг легионлари билан Испанияда эди. Цезарь ва Помпей ўртасидаги рақобат кучайиб борди ва уларнинг тўқнашуви муқаррар ҳолга айланди.

Шундай қилиб, 49–45 йиллар Рим тарихига фуқаролар уруши йиллари бўлиб кирди. Урушлардан Цезарь ғолиб сифатида чиқди. Помпей 48 йилда мағлуб бўлди ва Римдан қочиб кетди. Мисрга қочиб борган Помпей ёш Птоломей XIII тарафидан Цезарга нисбатан хайрихоҳлик белгиси сифатида ўлдирилди.

Цезарь – мағлуб

Милоддан аввалги 44 йилнинг 15 март куни Цезарь Март майдонига ташриф буюрди. Шу куни Сенат мажлиси бўлиши керак эди. Парфияга қарши урушга отланишдан олдин ўзини қирол деб эълон қилмоқчи деган миш-миш тарқалган эди. Миш-мишлар туфайли Юлий Цезарь танасига бир неча бор пичоқ санчиш орқали Помпей Куриясида ўлдирилди. Унинг ўлдирилишида 23 нафар сенатор иштирок этгани айтилади.

Қотиллик Республика тузумини сақлаб қолиш ва қироллик тузумига қарши уюштирилган эди. Лекин операция яхши ташкил қилинмади. Қотилликдан кейинги жараён режалаштирилмади. Ҳокимият барибир Цезарь тарафдорлари қўлида қолди. Халқ ғазабидан қўрққан қотиллар яшириниб юришга ва мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Уларнинг бирортаси ўзининг табиий ўлими билан ўлмади. Цезарь жасади Форум майдонида намойиш этилди ва 20 март куни куйдирилди.

2012 йилда археолог Антонио Монтерроссо томонидан Цезарь ўлдирилган жойдан 3 метр кенглик ва 2 метр баландликда цемент плитаси топилди. Тахминларга кўра, ёдгорлик Цезарнинг вориси Октавиан Август томонидан ўрнатилган. Бир қатор рассомлар Цезарнинг ўлим саҳнаси акс этган санъат асарларини яратди.