«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ҳозирда ПСЖ сафида ҳаракат қилаётган Неймар жамоага қайтарилсагина каталонияликлар клубида қолишга тайёр.
El Confidencial’нинг хабарига кўра, аргентиналик футболчи жамоада ўзини бахтли ҳис этмаяпти. Унга «Барселона»нинг қайд этаётган натижалари ва Эрнесто Вальверденинг истеъфога чиқарилгани ёқмаяпти. Мессига янги мотивация берадиган ягона чора Неймарнинг жамоага қайтарилиши бўлиб қолмоқда. Бразилиялик футболчи 2013—2017 йиллар оралиғида «Барселона»да тўп сурганди.
Месси «Барселона» тарбияланувчиси ҳисобланиб, клуб тизимида 2001 йилдан буён ҳаракат қилиб келади. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2021 йилга қадар мўлжалланган.
Неймар 2017 йилнинг ёзида 222 миллион евро эвазига ПСЖга ўтиб кетганди. Ўтган давр мобайнида бразилиялик футболчи «кўк-анорранглилар» сафига қайтишга бир неча бор уриниб кўрди, бироқ улар самарасиз якунланганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)