Қўқон шаҳридаги Форобий кўчасида «тўхташ тақиқланган» белгиси остида қолдирилган автомобилларни қайд этувчи тўртта видеокамера ўрнатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Шамсиддин Усмонов «Ёшлар» телеканалининг «Давр интервью» кўрсатувида маълум қилди.
«Ҳайдовчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида белги остига келиб тўхтаб, йўловчини тушириб кетиши учун камерани ишлаб чиқарган Hikvision компанияси билан келишган ҳолда 1 дақиқа беришга қарор қилдик. Агар ҳайдовчи шу вақтда йўловчисини тушириб, кетишга улгурса, унга жарима ёзилмайди. Лекин камера бир айланиб, ўша давлат рақамли автомобилнинг ‘тўхташ тақиқланган’ белгиси остида ҳалигача турганини қайд этса, жарима белгиланади», — дейди Шамсиддин Усмонов.
Маълумот учун, «тўхташ тақиқланган» белгиси остида қолдирилган автомобиллар ҳайдовчилари ушбу қоидабузарлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.
«Бизнинг мақсадимиз ҳайдовчиларни жаримага тортиб, улардан пул ундириш эмас, балки тартиб ўрнатиш», — дейди Фарғона ИИБ ЙҲХБ бошлиғи.
Изоҳ (0)