Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида банк масъули фуқарога чорва учун ажратилган 20 миллион сўм кредитни ўзлаштириб юборди, фуқаро эса олмаган кредити учун фоиз тўлашга мажбур бўлмоқда.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, 2019 йил 17 май куни «Агробанк»нинг Деҳқонобод филиали томонидан Гулзода Бойқуловага чорва учун 20 миллион сўм кредит расмийлаштирилган ва «Шойимов Дўстқобил» фермер хўжалиги томонидан чорва моллари ажратиб берилган.

Бироқ чорва моллари фуқарога етиб бормаган. Таъкидланишича, банк масъул ходими Зафар Боймуродов таъминотчидан олинган чорва молларини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.

«Зафар исмли банк ходими биз учун ажратилган чорва кредитига олинган қўйларни мижозга олиб бориб бераман, деб таъминотчидан олиб кетган. Биз эса бундан бехабар қолганмиз. Банк берган чекни олиб, қачон бизга чорва беришаркан, деб юраверганмиз», — дейди Гулзода Бойқулованинг келини Рушана Эрматова.

Фото: «Дарё»

Гулзода Бойқулова номига расмийлаштирилган кредит ҳужжатларини келини Рушана Эрматова тайёрлаган ва бу жараёнда унга ўша пайтда банк бошқарувчиси ўринбосари бўлган Зафар Боймуродов кўмаклашган. Барча ҳужжатларда Гулзода Бойқулова имзоси кўрсатилган бўлса-да, кредитга банк масъули эга чиққан.

Қайд этилишича, банкка тақдим этилган ҳужжатларда фуқаро Гулзода Бойқулованинг чорва моллари олдида тушган расми ҳам илова қилиниб, фуқаро молларни олгани айтилган ва банк таъминотчига кредит маблағини тўлаб берган. Таъминотчи эса пулни олгач, молларни Зафар исмли банк ходимига топширган.

«Зафар бизга қўйни олдида расмга тушишимизни, шундай қилсак кредит тезроқ берилишини айтди. Шунинг учун ҳам Гулзода опамни тоққа олиб чиқиб, қўйларнинг олдида ўзим расмга туширдим ва банкка бердим. Кейин билсам, Зафар шу расмни кўрсатиб банкдан пулни чиқариб, эга чиққан», — дейди Рушана Эрматова.

Гулзода Бойқулова

Фото: «Дарё»

«Агробанк»дан маълум қилишларича, Зафар Боймуродов исмли шахс ҳозирда ушбу молия муассасасида ишламайди, у ишдан бўшатилган. Банк раҳбарияти собиқ ходимнинг мазкур қилмишини кредит фоизи тўланмаётгани ҳақида фуқарога огоҳлантириш хати бергач билган ва бу ҳақда туман прокуратурасига маълум қилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Деҳқонобод туман бўлими бошлиғи Ҳусниддин Амирқуловнинг маълумот беришича, собиқ банк ходими Зафар Боймуродовнинг устидан нафақат Гулзода Бойқулова, балки бошқа бир неча фуқаро ҳам шикоят қилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув жараёнлари давом этяпти, тез орада ҳолат бўйича батафсил маълумот берилади», — дея қўшимча қилди Ҳусниддин Амирқулов.