«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Ла Лига 26-тури доирасида «Реал»га қарши кечган баҳсда (0:2) самарали ҳаракат амалга ошира олмади.
Аргентиналик футболчи сўнгги икки мавсумдан буён мадридликлар дарвозасига йўл топа олмаяпти. 2018 йилнинг ёзидан кейин Месси Ла Лига ва Испания Кубоги доирасида «Реал»га қарши бешта расмий ўйин ўтказди. Уларнинг ҳеч бирида футболчи тўп кирита олмаган.
Сўнгги бор Месси «Реал»га 2018 йилнинг 6 майида гол урган ва ўйин 2:2 ҳисобида якун топганди. Мазкур баҳс Криштиану Роналду иштирокидаги сўнгги «Эль-Класико» бўлган. Португалиялик футболчи ҳам ўша кечада Месси сингари гол муаллифига айланганди.
Эслатиб ўтамиз, Роналду 2018 йилнинг ёзида «Ювентус»га йўл олганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)