Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Элбек Шукуров 26 февраль, чоршанба куни Литва спорт университетининг ректори, профессор Диана Реклайтене бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда томонлар икки томонлама спорт бўйича алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва спортни янада оммалаштириш юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, спортни тарғиб қилишда спортга илмий методик ёндашув ҳамда бу борада мутахассисларни кўпайтириш масаласи ва уларнинг маҳорат даражаларини яхшилаш борасида икки томонлама ҳамкорлик масаласи кўриб чиқилди.
Спортни оммалаштиришда Европа тажрибасидан фойдаланиш, уларнинг бу борада амалга оширган ишларини яқиндан ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш борасида томонларнинг фикрлари тингланди. Бу борада Диана Реклайтене охирги 20 йил ичида спортни оммалаштириш ва спорт соҳасида арзирли ютуқларга эришиб келаётган Исландия ва Финляндия тажрибасидан фойдаланишни таклиф сифатида киритди.
Учрашув якунида Элбек Шукуров Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Литва спорт университети ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда Ўзбекистонда қўшма факультетлар очиш таклифини билдирди.
Изоҳ (0)