Футбол бўйича Евро—2020 мусобақаси коронавирус сабаб бекор қилиниши ёки бошқа муддатга кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда УЕФА вице-президенти Мишел Ува ўз фикрларини билдирди.
«Ҳозирда вазият қандай тус олишини кузатяпмиз. Футбол мамлакатдаги вазиятга мос бўлиши керак. Биз мусобақани тўхтатмасликка ҳаракат қиламиз. Бироқ вазият ёмонлашадиган бўлса, мусобақа тўхтатилади», — дейди Ува.
Эслатиб ўтамиз, Евро—2020 Европанинг 11 мамлакатидаги 12 та шаҳарда ўтказилади. Унда 24 жамоа иштирок этади. Мусобақа 12 июндан 12 июлга қадар давом этади.
Хитойда тарқалган коронавирус айни дамда Европа мамлакатларига ҳам хавф солмоқда. Италияда 229 нафар одам коронавирусга чалинган, олти киши вафот этган, фақат бир нафари касалликдан тузалган. Аввалроқ Венето ва Ломбардия ҳудудларидаги барча оммавий тадбир ҳамда спорт мусобақалари бекор қилинганди. Шунингдек, Франция ва Испанияда ҳам беморлар аниқланган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)