Lego констуктори учун одам ҳайкалчалари асосчиси, дизайнер Йенс Нигард Кнудсен 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

Фото: Reuters

У фалажликка олиб келадиган марказий асаб тизимининг тузатиб бўлмас хасталигига чалинганди. Кнудсен Даниядаги Anker Fjord хосписида ҳаётдан кўз юмди.

Lego компаниясига 1932 йилда даниялик тадбиркор Оле Кирк Кристиансен томонидан асос солинган, дастлаб фақат ёғоч ўйинчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашганди. Илк инсон сиймолари 1974 йилда пайдо бўлди. Олдинига улар бир оила вакиллари—бола, қиз, уларнинг ота-оналари ва бобо-бувиларидан иборат эди. Орадан бир йил ўтиб, Кнудсен фигураларни такомиллаштирди ва уларни гендер кўринишларидан холи қилди.

1978 йилда компания Minifigur деб номланган фигураларни чиқара бошлади. 2018 йил охирига келиб, Lego томонидан тайёрланган фигураларнинг умумий сони 7,8 миллиард донага етди. Улар машҳур бўлиб кетди, бир неча бор таниқли шахслар ва поп-маданият вакиллари қиёфасида тасвирланди.

2014 йилда Lego фигуралари қаҳрамон бўлган илк анимация фильми дунё юзини кўрди. Орадан уч йил ўтиб эса ҳайкалчалар Бетмен тўғрисидаги комикс персонажлари тасвирланган яна бир фильм пайдо бўлди.