«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
Демократлар олиб бораётган мунозаралар
2020 йилдаги демократларнинг сайловолди мунозаралари авж олмоқда. Невададаги мунозаралар анча кескин руҳда ўтгани билан диққатга сазовор. Мунозараларнинг олти натижаси эса янада ёдда қоладиган бўлди, деб ёзади The New York Times нашри.Икки соатлик ҳурматсизлик одоби
Аввал ўтказилган саккиз баҳсда демократик партия номзодлари бир-бирига ҳурмат ва одоб сақлаган ҳолда иштирок этган бўлса, Невададаги мунозаралар сиёсий сўзлар полигонига айланиб кетди.
Сенатор Элизабет Уоррен вақти-вақти билан барча дебат иштирокчиларига сўз ҳужуми уюштирди. Сайланиш пойгасига энг охирида қўшилган миллиардер Майкл Блумберг дебатларнинг қалқони бўлди. Сабаби барча ҳужум қилганлар уни нишонга олди. Том маънода Блумбергга осон бўлмади деса ҳам бўлади.
Жанубий Каролинада ўтадиган сайловлар эса Невададагиданда кескинроқ ўтиши мумкин. Президентлик пойгаси авжига чиқмоқда.
Пойгадан чиқиб кетишига оз қолган Блумберг
Блумберг сайловолди дебатларда илк марта қатнашмоқда. Шунга қарамай миллиардер жаноб яхши таассурот уйғотиш борасида ўрганадиган анча жиҳатлари борлигини билдириб қўйди. Жонли эфирда Майкл Блумбергнинг реклама роликлари босиб кетган бўлсада, у ўзидан мустаҳкам қалъа ясашига тоғри келди. Қалъалар эса ишғол қилиниши аниқ.
Сандерс Блумбергни полициячиларга хос бўлган бошқарув услуби учун қоралаган бўлса, Элизабет Уоррен унинг аёлларга нисбатан муносабатини танқид қилди, Байден эса миллиардерни Нью-Йоркни уқувсизларча бошқарганликда айблади. Истеҳком ишғол қилинишига оз қолди. Блумберг энди кейинги баҳсларга яхшигина файласуф ва нотиқдан сабоқ олиб тайёрланиши керакка ўхшаб қолди.
Элизабет Уорреннинг муваффақияти
Нью-Ҳемпширдаги омадсизликдан кейин Уоррен хоним кўпларнинг диққатини торта олди, барчадан кўп гапирди ва баҳсларнинг йўналишини белгилаб турди.
Унинг тарафдорлари ҳам шундан умидвор эди. Бахтига, сенатор хоним ўз тарафдорлари ишончини оқлай олди. Уоррен хоним ўз рақибларига аёвсиз ҳужум уюштирди ва уларнинг заиф нуқталарини ошкор қилиб қўйди ҳамда АҚШда тиббий хизмат ҳамма учун бепул бўлиши кераклиги ҳақидаги ғоясини илгари сурган ҳолда ҳимоя қилди.
Уоррен хоним номзод Пит Бутижичнинг соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш режасини «презентация» деб атади. Эми Клобушарнинг тиббиётдаги режасини эса «ёпишқоқ қоғоздаги белги»га қиёс қилди. Дебатларнинг форварди Берни Сандерснинг тиббиётдаги дастурини «унинг маслаҳатчилари ҳам ёқламаётган дастур» деб атади.
Олдинги дебатлардан фарқли равишда Уоррен хоним ўзини бу сафар ҳақиқий жангчи сифатида кўрсатди. Сайловолди баҳслар давом этар экан, унинг сайлов кампанияси ҳисоби 1 миллион долларга, кун давомида эса 2,8 миллион долларга бойиди.
Омади келган Сандерс
Қария Берни аввалги баҳсларда ҳам энг юқори овоз олган эди. Невададаги баҳсларда ҳам сўровнома иштирокчилари орасида етакчиликни қўлга киритди. Унинг сайлов штаби эса энг кўп хайрия маблағларини тўпламоқда… Аммо бу сафар унда баҳслар марказида бўлиш учун салоҳият етишмади.
Катта бойликка эга бўлган Блумбергнинг пайдо бўлиши Сандерс рақибларининг келажагини шубҳа остида қолдирди ва уларнинг фикрини чалғитди. Халқ ўз диққатини кун сайин рейтинги ошиб бораётган Сандерсга эмас, Блумберг илгари сураётган дастурга қаратди.
Рақиблар Сандерсни «чақишди»: Уоррен хоним Сандерснинг тиббиётни ислоҳ қилиш борасидаги сиёсатини ҳаётий эмас деб атади, Бутижич Сандерс тарафдорларини ўз ижтимоий тармоқларида одобсиз тутаётганликда айблади, Блумберг эса кекса сенаторни социалист деб атади ва Сандерс Трампни ҳеч қачон енга олмаслигини башорат қилди.
Сандерс мазкур дебатларда «бўш» чиқиш қилган бўлсада, бу ҳали «сиёсий дафн» учун етарли эмас.
Назарга илинмайдиган Байден
Яқин кунларгача Байден сайлов кампаниясида етакчи рақобатчи эди. Лекин Невадада Байден иккинчи даражали номзодга айланиб қолди. Байден рақиблари қандай бир-бирини танқид қилаётгани, аммо уларнинг ҳеч бири Байденга мурожаат қилмаётганининг гувоҳи бўлди. Айовада – 4, Нью-Ҳемпширда – 5-ўринни эгаллаган Байденнинг сайловда енгилишини кутиш мумкин.
Жамоаси эса унинг навбатдаги сешанбада ўтказиладиган баҳсларда жиддий ютуққа эришади деб ҳисобламоқда, аммо Байден умидини сўндирди.
Клобушар ва Бутижич «жанги»
Баҳслар давомида Клобушар ва Бутижич бир-бирининг ёқасидан оладигандек тасаввур уйғонди. Элизабет Уоррен, Берни Сандерс Блумбергдай кимсаларни мутлақо ёмон кўради, аммо Клобушар ва Бутижич баҳси иккисининг нафрати жуда кескин эканини кўрсатди.
Улар бир-бирларини давлат бошқарувида уқувсизликда айблади. Клобушар Бутижични ҳеч қачон муҳим муаммоларни ҳал қилмаганликда айблади, Бутижич эса Клобушарни бўлғуси президентликка муносиб эмас, у ҳаттоки Мексика президенти номини ҳам билмайди дея қоралаб чиқди.
Бутижич ва Клобушар тўқнашуви жуда муҳимдир. Айрим ҳал қилувчи штатларда Блумберг етакчилиги туфайли, бошқа мўътадил номзодлар 15% овоз ҳам ололмаслиги мумкин. Клобушар ва Бутижич Гарри Поттер ҳақидаги китобдан хулоса чиқаришган кўринади: «Бири яшаши учун иккинчиси ўлиши керак».
Хавфлар остида қолаётган жаноб Америка Қўшма Штатлари
Америкалик иқтисодчи Нуриэль Рубини The Project Syndicate нашрида молиявий инқирозлар тўфонга ўхшайди ва улар сиёсий, иқтисодий хатолар ҳамда молиявий заифликларнинг тўпланиб бориши натижасида юз беради, деб ёзади.Вақти-вақти билан тизимда носозликлар кузатилади, туб бурилишлар бўлади, юксалиш ҳалокат билан ўрин алмашади, пуфаклар ёрилади.
Иқтисодий ва сиёсий хатарлар қаторига геосиёсий, молиявий инқирозлар ҳам қўшилди. 2008 йилдан буён эса бундай вазият кузатилмаган эди.
Аввало, АҚШ Хитой, Россия, Эрон ва Шимолий Корея давлатлари билан кескинлашиб бораётган рақобатга киришди. Бу мамлакатлар эса АҚШ ўрнатган тартибларга зарба беришдан манфаатдор ва 2020 йил улар учун муҳим йилдир. Чунки АҚШдаги президентлик сайлови ва кимнинг президент бўлиши улар учун муҳим сиёсий воқеадир.
Трамп президент экан, унинг маъмурияти бу давлатларни иқтисодий ва бошқа чоралар ёрдамида жиловлаб туришга интилмоқда. Улар эса АҚШни халқаро ва ички сиёсатда заифлаштиришга уринмоқда. Башарти АҚШдаги сайловлар ички низоларга айланиб кетса, бу мухолиф давлатлар учун айни муддао бўлади.
Шунингдек, айрим давлатлар, мисол учун Эрон Трампнинг иккинчи муддатга сайланмаслигидан манфаатдор. Агар Эрон-АҚШ уруш хавфи келиб чиқсада, Трампга қарши тиш тирноғи билан қарши туришга тайёр. Нефть баҳосининг эҳтимолий Эрон-АҚШ уруши натижасида ошиб кетиши АҚШ фонд бозорининг орқага кетишига ва Трамп сайланмаслигига олиб келади. Бу йил Эрон ва АҚШ ўртасида уруш келиб чиқиш эҳтимоли борлиги сабабли, ҳозирги вазият чўзиладиган урушдан олдинги жим-житликдир.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларга келганда уларнинг яқинда савдо урушлари борасида вақтинчалик келишуви биринчи босқичи учун битими – ўзига хос бўлган ковакларни беркитиш сиёсатидир. Технологиялар, молия, сармоя, маълумотлар ва валюта учун кураш тобора кескинлашиб бормоқда. Covid-19 вирусининг тарқалиши эса АҚШ учун Хитойни жиловлашга янги куч берди. Яқин келажакда бу эпидемия янада жиддийроқ тус ола бошласа, Хитой иқтисодиётидаги узилишлар дунёвий ишлаб чиқариш занжирларига салбий таъсир этиши мумкин. Бу эса молия бозорига ўз таъсирини ўтказади.
Айрим Хитой раҳбарлари мамлакатда бирданига қуш, чўчқа ва Covid-19 гриппининг тарқалиши бежиз эмас деб ҳисобламоқда. Гонконгдаги сиёсий тартибсизликлар, Тайвандаги мустақиллик ҳаракатлари тарафдори бўлган янги президент ва АҚШнинг шарқий ва жанубий Хитой денгизларидаги ҳарбий ўқув машғулотлари Хитойни ташвишлантириб қўйган.
Умуман олганда, Хитойнинг очиқ агрессияга ўтиши ҳақиқатдан йироқ. Лекин киберурушга изн бериш эҳтимоли мавжуд. Хитойлик хакерлар АҚШдаги президентлик сайловларини нишонга олиши мумкин. Америкаликлар фейк хабарлар ва дезинформация таъсирида қолиш эҳтимоли бор. Қутблашган америкалик сайловчилар сайлов натижалари борасида АҚШ кўчаларига чиқса, воқеалар ривожи қандай тус олишини тасаввур қилиш мумкин.
Эрон, Хитой, Россия, Шимолий Корея мамлакатлари ғарб ва АҚШ молия тизимлари, шунингдек, Жаҳон банклараро коммуникация тизимларига ҳужум уюштириши мумкин. Европа Марказий банки раиси Кристина Лагард кибер ҳужумлар молия бозорига 645 миллиард доллар зарар етказиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантириб ўтди. АҚШда ҳам шундай воқеа юз бермайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди.
Кейинги йилда АҚШ-Хитой низоси кескинлашиши, совуқ уруш иссиқ уруш тусини олиши мумкин. Хитой иқтисодиёти коронавирусдан жиддий зарар кўрар экан, уруш учун ташқи баҳона излаш хитойликларни тинчлатиришга сабаб бўлади. Натижада, Хитой ўз ҳарбий диққатини Вьетнам, Гонконг, Тайван ва АҚШнинг Хитой денгизларидаги ҳарбий кучларига қаратади. Бу эса ҳарбий тўқнашувлар юзага келади деганидир.
Хитой молиявий «ядро бомбаси» – АҚШ облигацияларини ишга солиши мумкин. Америка валютаси Хитой захираларининг улкан қисмини ташкил этади, Хитой эса АҚШ ҳукумати уларни музлатиб қўйишидан хавотирга тушмоқда. Бу ҳам кескинликка олиб келиши мумкин. Хитой ҳам Россия каби ҳозирда олтин сотиб олишни кўпайтирмоқда. Натижада олтин нархи 2019 йилдагига нисбатан 30 фозига қимматлашди. Агар мазкур сиёсат (олтин сотиб олиш) кучайтирилса, АҚШ ривожланиши сустлашади.
АҚШ ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Акс таъсир сифатида мазкур давлатларга иқтисодий ва сиёсий босимни кучайтирмоқда. Устига устак АҚШ энг тараққий этган кибер салоҳиятга эга. Бу йил тўрт рақибига қарши кибер ҳужумлари ҳам кучайиши мумкин. Оқибатда биринчи кибер уруши хавфи юзага келади.
Бундан ташқари, 2020 йилда геосиёсий кескинликлардан ташқари иқлимий ўзгаришлар туфайли юз берадиган экологик ҳалокатлар хатари ҳам мавжуд. Бу эса барчага бирдек зарар келтиради.
Иқлим ўзгаришидан ташқари, сейсмик ҳодисалар – ер магнит қутбларининг ўзгариши, уммон оқимларининг тезлашаётгани ҳам кузатилмоқда. Буларнинг барчаси экологик ҳалокатларни келтириб чиқариши мумкин. Антарктида ва Гренландия музликларининг эриши экологик хавф бўлиб, сувости вулқон ҳаракатларининг фаоллашгани океан сувларининг оксидланиши ва дунё балиқ захираларининг тугашига олиб келади.
Бу хатарлар 2020 йилдан нима кутиш мумкинлигини изоҳлайди. Ҳозирча эса дунё молия бозорлари бу йил омадли келади деб умид қилмоқда.
Берни Сандерсгина Путин Россиясига бас кела олади
2020 йилги сайловлар олдидан Путиннинг ҳозиру нозирлигини ҳамма ҳис қилиб турибди. Амалга ошмай қолган импичмент борасида америкалик сиёсатдонлар «барча йўллар Путинга элтади» деб ишониб келмоқда, деб ёзади The Guardian нашри.АҚШ ташқи сиёсий идорасида Путинни жиловлаб туриш ва Россия таъсир доирасини чеклаш учун ҳарбий рақобат зарур деган тасаввур мавжуд.
Шундай вазиятда Берни Сандерснинг сайловолди кампаниясида етакчи кучга айланиши АҚШ демократик партияси раҳбариятида қўрқув уйғотмоқда. Қўрқув шундан иборатки, Сандерс кўп йиллардан бери ҳарбий ихтилофларга киришишда вазмин, ташқи сиёсатда масъулиятли бўлишга, АҚШнинг тинимсиз урушларга чек қўйишга чақириб келди.
Сенатор Сандерс ҳар бир чиқишида Путинни танқид қилиб келаётган бўлсада, Сандерс президент бўлиб қолса, бу қария Берни Кремль учун совға бўлиб қолади, деган фикрлар ҳам америкалик сиёсатчилар онгида борган сари ўрнашиб бормоқда. Агар мен рус бўлиб туғилганимда, Бернига овоз берган бўлар эдим, дея ёзади «Голдман Сакс» раҳбари Ллойд Бланкфейн.
Лекин ҳарбий рақобат тарафдорларининг аксари Кремль раҳбариятининг характерини тушунмайди. Айнан шу тушунмовчилик сабаб АҚШнинг Россияни жиловлашга бўлган уринишлари такрорланиб келаётган муваффақиятсизликларга сабаб бўлмоқда. Сандерснинг ташқи сиёсат борасидаги фикрлари ана шу муваффақиятсизликка олиб келаётган қарашларни ўзгартириш ва Путиннинг хориждаги сиёсатини заифлаштиришга қаратилган.
Бернининг стратегиясини тушуниш учун Путин таяниб келаётган уч асосни кўриши керак.
Биринчи асос – углеводородлар, яъни мамлакатга катта фойда келтираётган нефть ва газ захираларидир. Ҳозир Россиянинг нефть ва газ қазиб чиқариш ҳажми кунига 11,25 миллион баррелга етган. Ҳар йили Россия Германия каби газ экспортига қарам мамлакатлардан 44,4 миллиард доллар ишлаб топмоқда.
Иккинчи асос – Путиннинг коррупцияси режими. Россия бугун клептократлар – ўғри амалдорлар мамлакатидир. Путин ҳокимияти сиёсати пора эвазига пул ишлаш ва олигархлар томонидан халқ пулларини ўзлаштирлиш ҳисобига кун кўради. Албатта, ўғирланган пуллар Россияда қолдирилмайди. Бу маблағлар халқаро яширин манбалар орқали ҳаракат қилади ва «Дойче банк», «Данске банк» ҳисобига тушиб, Лондон кўчмас мулк бозорида сарфланади, АҚШдаги сохта компаниялар ҳисобига яширилади. Бу пуллар Путин режимига садоқат ва содиқликни сотиб олишда ишлатилади.
Учинчи асос – пропаганда. Путин ўз иттифоқчилари билан фаол равишда чет эллардаги низоларни кучайтиради. Бундан мақсад ўз мамлакатидаги аҳолининг миллий садоқатини мустаҳкамлаш. Ўз ҳукмронлигининг дастлабки пайтларидан бошлаб Путин Россия душманларига нисбатан адоват ва агрессияни қўзғаб келмоқда. Хоҳ кавказликлар бўлсин, хоҳ украинлар, хоҳ америкаликлар – Путин режими учун фарқи йўқ. Бу эса Путинга ўз машҳурлигини сақлаб келишига имкон бермоқда.
АҚШнинг ташқи сиёсати кейинги вақтларда Кремль ҳокимиятининг асосларини емиришга хизмат қилмаяпти. АҚШ Кремлнинг мустаҳкамланишига шароит яратиб бермоқда. Мисол учун, Обама маъмурияти Россия билан кескин углеводород рақобатига киришди ва бу билан дунёнинг қазилма ёқилғиларига бўлган эҳтиросларини янада кучайтириб юборди. Обама даврида рус олигархларининг пуллари дарё бўлиб АҚШга оқди. Гарчи ўша кезларда сенатор Ҳиллари Клинтон Путинни Гитлерга қиёс қилган бўлсада.
Сандерс ўз сиёсий дастурида юқоридаги асосларни емиришга урғу бермоқда. Сандерс назарида, АҚШ углеводородларга қарамлик ўрнига «Янги зангори йўлни» танлаши мақсадга мувофиқ. Бу эса нафақат АҚШ, балки бутун дунё «тоза энергетика» йўлига ўтишини англатади. Углеводородлардан воз кечиш, дунё иқлимини соғломлаштириш (Евроиттифоқдагилар ҳам даъват қилганидай) Путиннинг сиёсий ҳокимиятига кучли зарба беради.
Сандерс рус клептократларининг ўғирланган маблағларини дунё бўйлаб кўчиб юришини Уол Стрит банкларини қатъий жиловлаш, сохта компанияларни тугатиш, яширин солиқ «ҳавзаларини» ёпиш орқали тўхтатмоқчи ва Путин Кремлига зарба бермоқчи.
Тараққийпарвар кучлар Путинга нисбатан соддалик қилиши мумкин эмас. Путин Россиянинг халқаро майдондаги таъсирини кучайтириш йўлидан қайтмайди. Шунинг учун ҳам клептократик ҳокимиятнинг моҳиятини тушунган Навалний каби мухолифатчилар Берни Сандерсни қўллаб-қувватламоқдалар.
Эрдўғонни рағбатлантираётган АҚШ ҳукумати
Дональд Трамп Эрдўғонни қўллаб-қувватламоқда, чунки расмий Анқара Россиянинг Сурия бўйича илгари сурган таклифини рад қилди, деб ёзади The Bloomberg нашри.Туркия тарафи Суриядаги исёнчиларнинг сўнгги таянчи учун олиб борилаётган жанглар сабаб Россия тарафига кескин огоҳлантириш берди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Суриянинг шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида ҳарбий амалиётни ўтказиш учун барча тайёргарликни кўриб бўлгани ҳақида баёнот берди. Бу вилоят «ал-Қоида» диний экстремистик гуруҳининг собиқ жангарилари ва Туркия қўллаб келаётган Асадга қарши жангарилар томонидан назорат қилинади.
Эрдўғон Анқарадаги чиқишида Идлиб ҳарбий амалиёти вақти келиб албатта амалга ошиши, Идлибни режим таъсирига, унинг тарафдорлари бўлган томонларга ташлаб қўймаслиги ҳақида гапирди.
Туркия тарафи Сурияда Россия дастаклаётган ҳукумат қўшинларининг олға силжишини тўхтатишга уринмоқда. Чунки бу унинг Идлибда турк назоратидаги ҳудуд тузишига хавф туғдирмоқда. Шу ойда Туркия ҳукумати Идлибда ўзининг минглаб ҳарбийларини жойлаштирди. Шунга қарамай Сурия армияси русларнинг ҳаво кучлари ёрдамида турк назорат пунктларини қамал қилди. Натижада 14 турк ҳарбийси қурбон бўлди.
Энг ёмон вариант
Идлибдаги бутун қарама-қаршилик давомида Туркия ва Россия ихтилофлашаётган тарафларни қўллаётган бўлсада, мулоқот очиқ бўлди. Лекин Москва билан Дамашқни турк қўшинларининг кўпайиб бораётгани тўхтата олмади ва чорчанба куни расмий Кремл Эрдўғон баёнотига жавоб тариқасида туркларнинг ҳарбий амалиёти «энг ёмон вариант» деди.
Афтидан, Россия Идлибни тўлиқ босиб олиш тарафдори кўринади. Бу эса Асадга Дамашқ ва Ҳалаб ўртасидаги алоқани кенгайтириш ва 9 йиллик урушда ғалаба қозонганини эълон қилишга имкон беради.
Идлибдан 1-2 миллион қочқиннинг оммавий равишда келишидан хавфсираётган Туркия АҚШ кўмагини олди. Гарчи Трамп Мэриленддаги чиқишида «Биз ҳозирда Идлиб борасида биргаликда нима қилиш мумкинлиги ҳақида ишлаяпмиз», деган бўлсада, Россияга қарши АҚШ ва НАТО қандай ёрдам бериши мумкинлиги мавҳум бўлиб қолмоқда.
Трамп Эрдўғонни «зўр йигит» деб атади, ва Эрдўғон кўп инсон ҳалок бўлишини истамайди деб, қўшимча ҳам қилди.
Аввалроқ Эрдўғон, агарда, Сурия ҳарбийлари турк аванпостларидан кетмаса, февраль ойи охирида куч ишлатишини маълум қилган эди.
Сурия ҳукуматининг Идлибга ҳужуми қаҳратонда юз минглаб кишиларни Туркияга кўчишига сабаб бўлди. Ҳозирда Туркия дунёдаги энг кўп қочоқ тўпланган ҳудуд бўлиб қолмоқда. Ҳукумат чегараларда бетон деворлар ўрнатиб, қочоқлар учун уйлар қурмоқда.
Халаб ғарбидаги шаҳарлар ва кўчирилганлар лагерлари Сурия ва руслар томонида ўққа тутилмоқда. Янги қочоқлар гуруҳи эса Туркияга бошпана излаб қочиб ўтмоқда.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)