Вьетнам полицияси Британияда юк машинасидан 39 нафар муҳожирнинг жасади топилгани иши юзасидан 7 кишини айбдор деб топди, деб хабар бермоқда «РБК» Reuters’га таяниб.
Жумладан, улар ноқонуний миграция ташкил этиш ва воситачилик қилишда айбланмоқда. Қайд этилишича, уларнинг олтитаси ҳибсга олинган бўлиб, Хитойда бўлган яна бир киши халқаро қидирувга берилган.
Полиция маълумотларига кўра, айбланувчиларнинг фаолияти туфайли Европа ва Буюк Британияга 67 киши ноқонуний юборилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг октябрь ойи ўрталарида Англиянинг Грэйс шаҳридаги саноат паркида юк машинаси ичидан 39 кишининг жасади топилган эди. Уларнинг 31 нафари эркак, 8 нафари аёл киши бўлган.
Юк машинаси ҳайдовчисига қасддан бўлмаган қотиллик бўйича айблов эълон қилинган. Ҳайдовчидан ташқари ушбу иш доирасида яна уч киши: икки эркак ва бир аёл ҳам қўлга олинган.
Дастлаб жасадларнинг барчаси Хитой фуқаролари эканлиги тахмин қилинган, кейинчалик уларнинг Вьетнам фуқаролари бўлиши мумкинлиги маълум қилинган.
Изоҳ (0)