Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Хитой коронавируси тарқалгани ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистонда тиббий ҳимоя ниқобларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Бу эса тиббий ниқоблар дефицитини ва унинг ортидан нархлар ошишини келтириб чиқармоқда.

«Дарё» мухбирлари ниқобга бўлган талаб, етишмовчиликлар ва қимматлаб кетиши сабабларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги дорихона ходимлари билан  суҳбатлашиб, ммуаммо сабабларини ўрганиб чиқди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Дарё»нинг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Отабек Қўлдошевнинг маълум қилишича, вилоятдаги аксарият дорихоналарда ниқоблар тақчиллиги юзага келган. Қарши шаҳридаги савдоси «чаққон» дорихона ходимларининг таъкидлашича, сўнгги 4-5 кунда ниқобларга талаб ошгани боис, тақчиллик кузатилмоқда.

«4-5 кундан бери маска сотмаяпмиз. Боиси, масканинг ўзи йўқ. Айтишларича, биз харид қиладиган жойда ҳам маска нархи кескин ошган. Олиб келинса, қопламайди», — дейди Қарши шаҳри марказидаги дорихона ходими.

Ниқоб тақчиллиги кузатилаётган мазкур дорихонадан сал нарида фаолият юритаётган, халқ тилида «11-аптека» номи билан машҳур дорихонада ниқоб нархи 1300 сўмни ташкил этади.

Дорихона ходимларининг маълум қилишича, ҳозирда 1300 сўмдан сотилаётган ниқоблар илгари 500 сўмга сотилган. «Маска деярли сотилмасди. Сотилса ҳам қайтимга олинарди. Ҳозир эса талаб катта. Ўтган куни дорихонамизга келган харидорларнинг айтишича, қайсидир жойда маска 3000 минг сўмдан ҳам сотилган», — дейди Қарши шаҳридаги дорихона ходими Ўктам Ҳакимов.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Вилоятнинг чекка ҳудудлари, хусусан, Деҳқонобод туманидаги дорихоналарда сотилаётган ниқоблар нархи 1000—1500 сўмни ташкил этади.

«Яқин кунларда маска нархи яна ошади, боиси кун сайин Хитой коронавируси ваҳимаси кучаймоқда. Бу сафар ўзимиз ҳам жойидан 1600 сўмдан олиб келяпмиз. Ўша ‘маскаълар сотувга чиқса, 1800—2000 сўм бўлиши аниқ. Ўтган сафар 1300 сўмдан олгандик, 1500 сўмдан сотяпмиз», — дейди ўзини таништиришни истамаган дорихона ходими. Унга кўра, куни кеча тумандаги катта завод ишчи-ходимлари учун 10 минг дона ниқоб харид қилган ва бу нарх ошишига сабаб бўлган.

Мазкур дорихона билан ёнма-ён фаолият кўрсатаётган дорихона ходими эса уларда сотилаётган ниқоблар нархи 700—1000 сўм эканлигини айтди. Аммо айни пайтда сотувда ниқоб йўқлигини билдирди.

Самарқанд вилояти мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг маълум қилишича, Самарқанд шаҳридаги дорихоналарда тиббий ниқоблар 1500 сўмдан 2000 сўмгача сотилмоқда.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Дорихона ходимларининг айтишича, уларга етказилаётган ниқоблар нархи ишлаб чиқарувчи корхоналарда ҳам қимматлаган.

«Капитал фарм савдо» МЧЖ дорихона мудири Бахтиёр Яҳёхоновнинг айтишича, аввалари «Гранд», «Марина», «Парадийс» корхоналаридан маска харид қилиб келган. «10 кундан буён маска келмаяпти. Авваллари «Фазо люкс» корхонаси ишлаб чиқарарди. Ҳозир унда ҳам йўқ. Биз 320 сўмдан олиб, 400—500 сўм атрофида сотардик», — дейди Бахтиёр Яҳёхонов.

«Аптекачи»ларга кўра, тиббий ниқобларнинг Тошкентдан келиши муаммога айланган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фарғона вилояти мухбири Азизжон Эрматов ҳам вилоятдаги дорихоналарда ниқоблар тақчиллиги кузатилаётганини хабар қилади. Бешта дорихонанинг тўрттасида ниқоблар сотувда йўқ. Дорихоналарда ниқобларнинг энг арзони 1000 сўм, қиммати эса 2500 сўмдан сотилмоқда.

«Бугун эрталаб 200 та маска бор эди. Соат 10 гача ҳаммасини сотиб бўлдик. Ундан кейин ниқоб излаб камида 500 та одам келди шекилли. Бир ой илгари камдан кам одам маска оларди. Хитойда вирус чиқиб, масканинг савдоси юришиб кетди-да. Бошқа дорихоналарда ҳам йўқ бўлса керак», — дейди шаҳардаги дорихона ходимларидан бири.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Харидорлар дорихоналарда ниқоб топилмаётганидан шикоят қилмоқда. «Набираларимга мактабида маска тақиб келинглар, дейишган экан. Шунинг учун маска излаб 7—8 та аптекага кирдим. Ҳеч бирида йўқ. Охири мана шу аптекадан 2 дона сотиб олдим. 1500 сўм экан», — дейди Фарғона шаҳрида яшовчи Наргиза Олимова.

Марғилон шаҳридаги дорихоналарда энг арзон ниқоб 1000 сўм, қиммати эса 2200 сўмдан сотилмоқда. Шаҳардаги 2-сон оилавий поликлиника биносида жойлашган ижтимоий дорихона ходимининг айтишича, дорихонадаги маскаларнинг барчаси сотиб бўлинган. Таъминотчилар буюртма қилинган миқдорда тиббий ниқоб етказиб бера олмаяпти.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Марғилон шаҳридаги дорихона сотувчисининг маълум қилишича, 10—15 кун аввал ниқоблар 500 сўмдан сотилган. «Таъминотчиларда ҳам ҳозир маска йўқ экан. Топиш қийин бўлиб қолди. Бори ҳам қиммат. Бугун 50 дона маска топиб келдим. 2200 сўмдан сотяпмиз», — дейди дорихона эгаси.

Бухоро вилояти мухбири Лайло Ҳайитованинг маълум қилишича, айрим дорихоналарда ниқоблар нархи ҳалигача 500 сўм. Айримларида эса 1000 сўм. Бироқ аксарият дорихоналарда ниқоб йўқ. Тақчиллик.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Дорихоналарда маскалар аввалроқ 350—500 сўмдан сотилган. Бухоро шаҳридаги марказий дорихонага мижоз бўлиб кирган мухбир 4 дона маскани 2000 сўмга сотиб олган. Марказий дорихона ходимининг айтишича, уларга ҳар куни 200—300 донагача ниқоб келади. Унинг нархида ёхуд камайиб кетишида ўзгариш бўлмаган.

Farma choins таъминотчи фирмасидан дори-дармон воситалари ва ниқоблар харид қилиб келаётган Бухоро шаҳридаги Euro form дорихонаси раҳбари Фарҳод Азимовга кўра, тиббий ҳимоя ниқоблари аввалгига нисбатан кам келтирилмоқда.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Хитойдаги бугунги оғир ҳолат туфайли хитойликлар маскаларини қайтариб олиб кетишини билдирган. Хитойда коронавирус тарқалишидан илгари саёҳат туфайли Бухорога келган хитойликларнинг шахсан ўзлари дорихонамизга келди. Кўп миқдорда харид қилиб, Хитойга жўнатишларини билдирди. Бироқ таъминотчидан ҳар куни 100—200 донагача харид қилиб оламиз. Шу боис, хитойликларга имкон қадар етказдик. Айни пайтда 43 дона маска қолди. Ҳеч бир мижозни қуруқ қайтармаяпмиз», — дейди Фарҳод Азимов.

Фарҳод Азимовнинг таъкидлашича, у маскаларни фирмадан 900 сўмга харид қилиб, 1000 сўмдан сотяпти.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Ҳолатни ўрганаётган «Дарё» мухбири шаҳардаги «Меҳригиё» дорихонасида бўлганда, дорихона ходимининг кескин қаршилигига учраган. Журналист суриштируви қонун доирасида кечаётганини тушунтиришига қарамасдан сотувчи «Сиз ҳали бу ердан қандай чиқиб кетишингизни ўйланг» — дея пўписа ҳам қилган. Бу ҳам етмаганидек, «Дарё» мухбирининг иш қуролини ҳам тортиб олган.

Basfarm ҳамда Best pharm дорихоналарида бир неча кундан буён маскалар сотилмаётганлиги, таъминотчи фирма томонидан етказилмаётгани билдирилган. «Юз ниқоблари йўқ. Ҳатто, ўзимиз ҳам юз ниқобсиз савдо қиляпмиз. Уч кунча илгари Хитойга жўнатиш учун ҳаммасини йиғиб олиб кетишди. Хитойликларнинг ўзлари келди. 100—200 дона харид қилиб, давлатларига жўнатишларини билдирди. Уларга 10—15 дона юз маскаларининг донасини 500—600 сўмдан етказа олдик», — дейди Гулбаҳор Ҳотамова.

«Бухоро дори-дармон» МЧЖ раиси Дилмурод Аҳадовга кўра, юз ниқобларининг тақчиллиги нафақат Бухорода, Республика бўйлаб кузатилмоқда. «Юз ниқоблари танқислиги, албатта, вақтинча. Бир неча кундан кейин таъминотчилар томонидан Бухоро дорихоналарига ҳам юз ниқоблари етказилади», — дейди Дилмурод Аҳадов.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Дарё»нинг Андижон вилояти мухбири Умиджон Мамарасуловнинг аниқлик киритишича, вилоятнинг Қўрғонтепа туманидаги дорихоналарда маска йўқ. Борлари ҳам 4000—5000 сўмдан сотилмоқда. Избоскан туманида ҳам атиги 2—3 та дорихоналарда мавжуд бўлган ниқоблар нархи 2500—3000 сўмни ташкил этади. Жалақудуқ туманида эса маскалар нархи 1000 сўм. «Одамлар маска топишса, нархининг аҳамияти йўқ, сотиб олишяпти», — дейди дорихона ходимларидан бири.

Аввалроқ Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида дорихоналарда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланган улгуржи ва чакана савдо устамаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширишини маълум қилиб, фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлардан дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибига, лицензия талаблари ва шартларига қатъий риоя қилишни сўраган.

Маълумот учун, Хитойда тарқалган коронавирусдан вафот этганлар сони 565 кишига етиб, касалланганлар сони 28 минг кишидан ошиб кетди. Ҳозирча инфекциядан тузалган беморларнинг сони 911 кишини ташкил қилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ўзбекистонда инфекция аниқланмагани ҳақида маълум қилди.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида электр таъминотида чекловлар киритилади
Дунё
«Дарё» кундалигида 5 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Маданият
«Икки ўғлим АҚШда таҳсил олади, уларнинг санъат йўлидан кетишини истамадим». Анвар Санаев фарзандлари ҳақида (видео)