Қозоғистон коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар учун 3,5 миллиард тенге ( 9,2 миллион доллар) ажратди, деб хабар берди «РИА Новости» мамлакат молия вазири Алихан Смаиловнинг сўзларига асосланиб.
Аввалроқ Қозоғистон бош вазири ўринбосари Бердибек Сапарбаев коронавирусдан ҳимояланиш воситаларини харид қилиш учун 1,5 миллиард тенге (3,9 миллион доллар) ажратилганини айтган эди.
Қайд этилишича, ажратилган маблағлар Хитойдан Қозоғистон фуқароларини эвакуация қилиш, тиббий ускуналар, тепловизорлар ва бошқа дори-дармонлар сотиб олишга йўналтирилади.
Маълумот учун, Хитойда янги турдаги 2019-nCoV коронавируси билан касалланганлар сони 24,3 мингга етди. Касаллик оқибатида вафот этганлар эса 490 кишини ташкил этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, янги турдаги коронавируснинг тарқалишига қаршиш курашиш учун яқин уч ойда 61,5 миллион доллар керак бўлади. Хитойлик вирусологлар атипик пневмонияга қарши вакцина 2019-nCoV коронавирусини тўхтатиши мумкинлигини айтди.
Ўзбекистон 4 февраль куни Хитойдан 250 нафар фуқаросини эвакуация қилди. Уларда коронавирус аниқланмади. Бугун, 5 февраль куни, мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Ухань шаҳридан яна 84 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди.
Изоҳ (0)