Тунда ҳожатхонага чиқиб, кўчада қолиб кетган Оқдарёдаги интернат ўқувчиси билан боғлиқ ҳолат юзасидан «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув олиб борди.
Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги мактабга ақлий ривожланишда ортда қолган, аммо ўзини бошқара оладиган болалар қабул қилинади. Бугунги кунда 293 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактаб интернатида 60 нафар тарбиячи ва 9 нафар энага фаолият юритмоқда.
Мактаб интернат директори Зариф Ҳусановнинг маълум қилишича, кўчада қолиб кетган ўқувчи воқеаси 23 январь куни эрталаб содир бўлган. Ўша куни соат 06:00 атрофида мактаб-интернати тарбиячиси Шавкат Туйманов ташқарига чиққан. Тарбиячининг ортидан 2006 йилда туғилган Собитжон Иброҳимов ҳам чиққан.
— Мен меҳнат таътилида эдим. Воқеани эшитишим билан келиб, боланинг ҳолидан хабар олдим. Бугунги кунда унинг аҳволи яхши, — дейди Зариф Ҳусанов. — Ижтимоий тармоқларда воқеани бўрттириб ёзишган. Аслида бола ҳақиқатда 30-40 дақиқача кўчада қолиб кетган. Ижтимоий тармоқларда ёзилганидек бир кеча кўчада қолиб кетмаган. Эътиборсизлик оқибатида боланинг кўчада қолиб кетишига сабабчи бўлган тарбиячи ва энага воқеа содир бўлган кундан буён шифохонада унга қараяпти.
Мактаб интернатининг врач-педиатори Гулчеҳра Абдуллаеванинг маълум қилишича, Собитжон Иброҳимов 2015 йилда олигофрения дебиллик даражаси нутқ нуқсонли ташхиси билан қабул қилинган. Ўзини-ўзи бошқара олмаганлиги сабабли мустақил ҳаракатланадиган тенгдошлари билан бирга юради. Қолаверса, боланинг гапириши ва эшитишида нуқсони бор.
— 22 январь куни Собитжон Иброҳимов ўқийдиган гуруҳ болаларини тиббий текширувдан ўтказдим. Ўшанда унинг соғлиги яхши эди. Буни боланинг тиббий дафтарига ҳам қайд этганман. Ўша куни соат 21:00 да ҳамширага ишни топшириб, сўнг ишдан қайтдим, — дейди Гулчеҳра Абдуллаева. — Қолаверса, биз болалар ухлаганидан сўнг тунги тарбиячи билан уларни кўздан кечириб чиқамиз. Ўша куни тунда у ўз жойида ётган. Шунингдек, соғлигида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмаган. 23 январь куни ҳолатни эшитганимдан сўнг шифохонага бориб боланинг ҳолидан хабар олдим. Шифокорлар уни яхши эканлигини билдиришди.
Мактаб-интернат директорининг айтишича, муассасада шифокорлар учун штат камлиги боис, директор ва врачлар келишган ҳолда уларнинг иш вақтига ўзгартириш киритган.
— Муассасамизда ақлий ривожланишда ортда қолган болалар тарбияланади. Шу сабабли улар шифокор текширувидан ўтиб туриш керак. Аммо бизда шифокорлар учун иш ўрни кам. Шу сабабли мактаб-интернатнинг шифокори билан келишган ҳолда уларнинг иш вақтига ўзгартириш киритганмиз, — дейди Зариф Ҳусанов. — Муассаса врач-педиатори Гулчеҳра Абдуллаева эрталаб соат 08:00 дан 11:00 гача келиб болаларнинг саломатлигини кўздан кечиради. Сўнг уйига кетиб, соат 17:00 да ишга келиб, кеч соат 21:00 гача болаларни ўзи назорат қилиб чиқади. Соат 11:00 дан 17:00 гача болалар ҳамширалар назоратида бўлади.
Ҳолат юзасидан ўша куни мактабда навбатчи бўлган тарбиячи Шавкат Туйимов билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг таъкидлашича, эрталаб соат 06:00 атрофида ташқарига чиққан. Шу вақтда тарбияланувчи Собиджон Иброҳимов ҳам унинг орқасидан чиққан. Бундан бехабар бўлган тарбиячи ўз иши билан машғул бўлган.
— 1990 йилдан буён мазкур муассасада тарбиячи бўлиб ишлаб келаман. 30 йиллик фаолиятим давомида биринчи бор шундай ҳола дуч келишим. Бунинг учун ўзимни айбдор эканлигимни тан олган ҳолда ўз ихтиёрим билан аризамни ёздим, дейди Шавкат Туйимов. — Воқеа 23 январь куни тонгда содир бўлган. Бола ҳақиқатда 30-40 минут оралиғида ташқарида қолиб кетган. Шу вақт мобайнида тарбияланувчида «талваса синдроми» кузатилган. Боланинг аҳволини кўриб ётоқхонага олиб кирдик. Муассасанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари З.Фозилова тиббий тез ёрдам чақирди.
Шавкат Туйимовнинг таъкидлашича, тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунга қадар совуқда қолган тарбияланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида оёғининг таг қисмига иссиқ сув солинган баклашка қўйиб, иссиқ покривал билан ўраган. Эҳтиётсизлик оқибатида қилинган иш натижасида бола оёғининг таг қисми куйиб, пуфакча ҳосил бўлган. Шу сабабли ҳозирча оёққа тургани йўқ.
Туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Ҳошимжон Жанаев айни пайтда боланинг умумий аҳволи яхши эканлигини, оёқда юриб ҳаракатланиши мумкинлигини билдирди. Бир ҳафтада тузалиб, мактабга қайтиши мумкинлигини билдирди.
Собиджон Иброҳимовнинг онаси Дилфуза Тилавова билан суҳбат жараёнида у киши содир бўлган ҳолат юзасидан ҳеч кимдан даъвоси йўқлигини билдирди.
— Фарзандим гематомо билан туғилган, шу сабабли унинг касаллигини ўзим яхши биламан. Ҳозирда болалар кўп тармоқли шифохонаси ҳисобида туради. Воқеа содир бўлганидан сўнг муассаса ходимлари тезда тиббий ёрдам кўрсатишган. Ўша кундан буён тарбиячи ва энагаси ҳар куни ўғлимнинг олдида ўтирибди. Улар бўлган ишда ўзларини айбдорлигини айтишмоқда. Аммо мени ҳеч кимдан даъвойим йўқ, — дейди Дилфуза Тилавова. — Муҳими, фарзандим соғайиб кетса бўлгани. Икки ҳафтада бир уйга олиб бораман. Воқеа содир бўлган куни ўғлимни талвасага тушиб қолганига тўхталадиган бўлсам, 9 йилдан буён шундай ҳолат бўлиб келади. Шу сабабли ҳар чоракда эмлатиб келаман.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат бўйича ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун муассаса тарбиячиси Ш.Туйимов ва тунги энага О.Тошбековалар 202 йил 25 январдаги буйруқ асосида вазифасидан озод этилган.
Ходимларга нисбатан етарлича эътиборда бўлмаганлиги сабабли муассасанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари З.Фозилова, бош тарбиячи Ҳ.Аҳророва ва тунги энага Г.Туваловаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.