Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ўринбосари Дилшод Кенжаев Деҳқонободдаги мактабда бўлиб, 41 нафар ўқитувчини «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишон билан тақдирлади, — дея хабар беради «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларидаги 24 та мактаб жамоаси «Беш ташаббус» бўйича ғолибликни қўлга киритган. Ғолибларга вазирликнинг қимматбаҳо совғалари топширилган.
— Деҳқонобод туманидаги 85-мактаб жамоаси вазирлигимиз томонидан ташкил этилган «Бешта ташаббус мактабда» лойиҳасининг бешта йўналишида ҳам ўрин олишга муваффақ бўлди, — дейди Деҳқонобод туман халқ таълими бўлими мудири Ўктам Тошбоев. — Бу нафақат мактаб жамоаси, туман ҳамда вилоят халқ таълими масъулларининг ҳам ютуғи бўлди.
Дилшод Кенжаевнинг таъкидлашича, «Бешта ташаббус мактабда» лойиҳаси бошланганидан бери, 6165 та видеоролик омма эътиборига ҳавола қилинган. Шундан 210 та видеоролик ғолибликка эришган.
Вазир ўринбосари тумандаги 85-мактабда бўлиб, мактабдаги тўгараклар фаолияти билан танишди. Мактаб ўқувчилари билан бадиий китоблардаги воқеалар хусусида суҳбатлашди.
Вазир ўринбосари иштирок этган тақдирлаш маросимида 41 нафар педагог «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишон билан тақдирланган. 32 нафар ўқитувчилар эса вазирлик «Фахрий ёрлиғи»га муносиб кўрилган.