Жанубий Корея коронавирус тарқалиши натижасида юзага келган пневмония тўлқини сабабли Хитойнинг Ухань шаҳридан ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун чартер рейсини жўнатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ёнҳап агентлигига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Маълум қилинишича, Жанубий Корея бу масала юзасидан Хитой расмийлари билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда Ухандаги кореяликларга ёрдам беришнинг турли йўлларини, хусусан, чартер рейсини жўнатиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Ёнҳап агентлигининг маълумотларига кўра, Уханда Жанубий Кореянинг 500—600 нафар фуқароси бўлиши мумкин.
Аввалроқ Франция ва Япония Ухандаги ўз фуқароларини эвакуация қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ваколатхоналар Ухандан ўз фуқароларини олиб чиқиб кета олмаётганини, ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов эса Ухандаги ватандошлар Ўзбекистонга олиб келинишини маълум қилган эди. 26 январь, якшанба куни эса Хитойдаги талабаларнинг бир гуруҳи Ўзбекистонга қайтарилиб, аэропортнинг ўзида жиддий текширилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойдаги коронавирус қурбонлари сони 80 кишига етди. Хитойнинг Ухань шаҳри коронавирус ўчоғи ҳисобланади, бу ва яна бир неча шаҳар карантинга ёпилган. Аввалроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин коронавирус билан боғлиқ вазиятни «мураккаб» деб атаб, касалликнинг тарқалиш суръати ошганини тан олган эди.
Изоҳ (0)