Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Оҳангарон шаҳар бўлими томонидан шаҳар прокуратураси ҳамда ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Тезкор тадбир давомида Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси хўжалик ишлари бўлими ходими Ф.А. тиббиёт бирлашмаси навбатчи ҳамшираси Я.А.ни бошқа бўлимга ҳамшираликка ўтказиб бериш эвазига 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ф.А. ушбу 200 АҚШ долларини тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Т.га етказиб бериши лозимлигини маълум қилгач, тезкор тадбир давом эттирилиб, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Т. ҳамшира Я.А.ни бошқа бўлимга ҳамшираликка ўтказиш эвазига талаб қилган 200 АҚШ долларини Ф.А. орқали пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Т. ва хўжалик ишлари бўлими ходими Ф.А.ларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)