«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Жон Бойннинг «Йўл-йўл пижамали бола» романи ҳақида ҳикоя қилади.
Флешбэк
Романни бундан беш йилча олдин ўқиб кўрган эдим. Китоб жуда кичик ва уни ярим кунда ўқиб чиқиш мумкин. Асарни ўқишимга олдинроқ шу номли машҳур фильмни кўрганим сабаб бўлган. Албатта, кинолар ҳеч қачон китоблар каби бўла олмайди, чунки инсон тасаввури чегараланмаган. Аммо китоб ва кино ўртасидаги фарқ сезиларли катта эмас. Айни пайтда, асарнинг энг гўзал қисми бўлган диалоглар барибир китоб орқали жуда яхши етиб боради.
Асар ҳақида
«Йўл-йўл пижамали бола» – ирландиялик ёзувчи Жон Бойннинг романи. Биринчи марта 2006 йилда нашр этилган. Роман дарҳол ўнлаб адабий мукофотлар, шу жумладан Британия китоб мукофотига номзод бўлган. 50 дан ортиқ тилларда нашр этилган. Бу – тикон сим билан ажратилган иккита боланинг ҳаёти ҳақидаги ҳикоя.
Сюжет
Асар Берлиндаги беш қаватли чиройли бинода, оиласи ва дўстлари билан яшаётган тўққиз ёшли немис боласи – Брунонинг нигоҳларидан ҳикоя қилинади. Кунларнинг бирида Бруно уйга келиб хизматкор Мария унинг буюмларини жомадонга солиб қўйганини билиб қолади. Отаси муҳим мансабга ўтаётгани учун оиласи Аж-Вис шаҳарчасига кўчиб ўтишга мажбур.
Бруно янги жойни ёқтирмайди, зерикади, ўйнашни хоҳлайди, лекин атрофда ҳеч ким йўқ. У деразадан йўл-йўл пижамаларда юрган одамларни кўриб қолади ва ўша ҳудудни ўрганишга боради. У ерда янги дўсти – панжаранинг нариги томонида, концлагерь ҳудудида ўтирган яҳудий болакай Шмуэль билан танишади.
Маълум бўлишича, икки бола ҳам бир кунда туғилган ва, Брунонинг фикрига кўра, умумий жиҳатлари жуда кўп. Улар симли панжара ёнида мунтазам равишда учрашади, аммо вақт ўтиб Брунонинг оиласи Берлинга қайтиб кетишга қарор қилади. Бруно Шмуэль билан хайрлашиш учун сўнгги бор концлагерь томон боришга қарор қилади. Бруно Шмуэлга отасини топишга ёрдам беришга қарор қилади. Кийимини алмаштириб, у ҳам бошқа маҳбуслар каби йўл-йўл пижама кийиб олади ва панжаранинг нариги томонига ўтиб кетади...
Таҳлил
Концлагерлар ҳақида юзлаб кучли романлар бор, нега айнан ушбу роман танланди деб сўрашингиз мумкин. Жавоб оддий: улар ичида саккиз яшар боланинг нуқтаи назаридан туриб ҳикоя қилинадиганлари жуда кам. Бу Жон Бойннинг энг катта ютуғидир.
Масалан, Маркус Зусакнинг «Китоб ўғриси» романи, Ромео Сальмонининг «Мен Гитлер устидан ғалаба қозондим» асари (бу китобни ўқимаган бўлсангиз, Роберто Бенинининг асар асосида суратга олинган «Ҳаёт гўзал» номли шедевр фильмини кўрганингиз аниқ) ёки «Анна Франк кундалиги» каби реал воқеаларга асосланган китоблардан Жон Бойн романининг фарқи шундаки, бу асар тўқима образларга асосланади. Тўқима бўлса-да, унда болалар нигоҳи ва содда ўйлари орқали Иккинчи жаҳон уруши каби тарихдаги энг катта фожианинг ўзига хос томонларини болалар психологияси парадигмаси орқали янада тушунарлироқ ва ёрқинроқ кўрамиз.
«Йўл-йўл пижамали бола» бизни отасининг иши туфайли Освенцим ўлим лагери яқинига оиласи билан яшаш учун кўчиб ўтишга мажбур бўлган нацистлар зобитининг кенжа ўғли билан таништиради. Улар кўчиб ўтган уй яқинида симли панжаралар билан ажратилган ҳудуд бор. Бруно оиласи билан қирғин лагерига олиб келинган тўққиз ёшли яҳудий бола Шмуэль билан дўстлашади. Роман шу икки болакай ўртасидаги муносабатлар орқали ўз динамикасига кириб боради.
Бруно ота-онасига ўзининг саргузаштлари ҳақида ҳеч нарса айтмасдан, ҳар куни янги дўстининг олдига ўйнашга ва унга овқат олиб бориш учун борарди. Асарнинг энг диққатга сазовор қисмлари бу албатта диалоглардир. Бруно ва Шмуэлнинг суҳбатлари орқали концлагерда ва урушнинг бошқа жабҳаларида нималар содир бўлаётгани ҳақидаги содда болалар тасаввурини кашф этамиз. Масалан, Брунонинг дастлабки фикрларига кўра, концлагердаги барча одамлар бахтли ферма ишчиларидир, шунинг учун ҳам улар бир хил иш кийимига эга.
Икки қаҳрамондан ташқари, иккиламчи қаҳрамонлар ҳам жуда қизиқарли. Брунонинг синглиси ва онасининг психологик эволюцияси менга жуда қизиқ туюлади. Барча тоталитар ҳукуматларнинг пойдеворларидан бири бу ўша «ноёб мафкура» тез қабул қилиниши учун шахсларнинг миясининг чуқурроқ ювишдир. Асарда СС зобити Курт Котлерга ҳавас билан қараш орқали Брунонинг синглиси Гретель тобора радикаллашиб боришини кузатиш мумкин.
Яна бир қизиқ томони шундаки, асар учинчи шахсда ҳикоя қилинишига қарамай, у бола нуқтаи назаридан айтилгандай туюлади. Уни ўқиётганда, эҳтимол, содда тасаввурга эга биринчи шахснинг ҳикояси яхшироқ бўлар эди, деб ўйлашингиз мумкин, аммо тез орада муаллиф бундай қарорга нима сабабдан келганини тушиниб оласиз. Шу билан бирга, биринчи боблардаёқ пайдо бўладиган ишоралар орқали тажрибасиз китобхон ҳам асар нима билан якунланишини ич-ичидан ҳис қилиши мумкин.
Ҳар қандай нозик ҳисли одамни асардаги яҳудийлар қирғини, нацизм ва бошқа шу каби мавзулар қизиқтиради. Бу муаллиф фойдасига ўйнайди, у ўқувчига қаҳрамоннинг феъл-атворидан кўпроқ маълумот беради: ҳамма тушуниб турган нарсани Бруно тушунмайди, ҳеч ким тушунмаётган нарсани эса Бруно ҳис қила олади. Қандай бўлмасин, тўққиз ёшли болакай бу ишлардан бехабарлиги бироз ақлга сиғмаслиги мумкин, аммо у бошқа масалаларда енгиллик билан чуқур фикр юритади. Эҳтимол, Бруно ҳар томонлама мавҳум йўл-йўл кийинган одамлар дунёсидан ростдан бехабар бўлиши мумкин, лекин ҳатто ҳайвонлар ҳам бирон хавф ёки қўрқувни сезса, интуицияси орқали ундан қочишга ҳаракат қилади-ку. Чиндан ҳам, баъзан Бруно ўзини жуда паст IQ’га эга инсондай тутади. Биз катталар болаларнинг тушуниш қобилиятини кўпинча шубҳа остига оламиз, лекин улар аслида биз тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроқ нарсани тушунади ва билади.
Унинг дўсти бўлган яҳудий боласи ҳам деярли шундай. Улар асл ҳолатлари ҳақида бехабар. Аммо ҳеч бўлмаганда яҳудий боласи у ердаги миш-мишларни эшитган ёки содир этилган ваҳшийликни кўрган инсон сифатида фикр қилиб кўриши керак эди. Масалан, у бирон ишни бажаришга кетган бир гуруҳ қайтиб келмаганини, гуруҳ аъзоларини ҳеч қачон қайтиб кўрмаганини ёки отаси ғойиб бўлганини айтади... лекин бундан шубҳаланмайди.
Иккала бола бир кунда туғилгани, полшалик яҳудий бола концлагердаги кам сонли немис тилини биладиганлардан бири экани, тикон панжарада тешик борлиги ва у қўриқланмагани, Бруно бемалол бу ерга кела олиши, албатта, реалликдан узоқ, ақл бовар қилмайдиган ва имконсиздир ҳолатдир. Шунга қарамай, асар инсоний қадриятлар ва ахлоқий муносабатларга тўла багажга эга. Бу асарга Пауло Коэльо стилидаги тарбиявий аҳамиятга эга масал сифатида ҳам қараш мумкин.
Хулоса
Бойн романни болалар ва ўсмирларда концентрацион лагерлар ҳақида тасаввур шакллатириш учун шу ёшда шахс нуқтаи назари орқали ёзган. Шунинг учун кўплаб етук китобхонларга асар жуда енгил туюлиши мумкин.
Шу билан бирга, содда ва турли мавзуларга бой матн катта ёшлиларни ҳам ўз домига тортиши мумкин, чунки уларни ушбу эмоционал антураждаги бегуноҳ болаларнинг тақдири бефарқ қолдирмайди. Ҳатто йиғлатади.
Болаларнинг янгиликка бўлган иштиёқи туфайли ирландиялик ёзувчи асарида дўстлик, беғуборлик, контекстлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ва ҳақиқатни яшириш аспектларидан яхши фойдаланади. Китобни ўқиётган шахс воқеликлар чегарасини бузиш учун ҳам эмоциялар оламида сайр қилишига тўғри келади.
Бироқ, асарга мураккаблик етишмаслигига қарамай бу қимматбаҳо ҳиссий дақиқаларга эга нозик ҳикоядир. Бу асарни ёшларни ўтмишдаги хатоларга йўлиқмасликка, радикал ҳаракатлар таъсирига берилмасликка ва бошқача одамларга нисбатан нафратга ундовчи фикрдан қочишга ўргатиш учун тавсия этаман.
Иқтибослар
Кимдир кечаси осмонга қараса, бу унинг астроном эканини англатмайди;
Уй – бу шунчаки кўча, шаҳар ёки ҳатто ғишт ва оҳакдан қурилган бино ҳам эмас. Уй – бу оилангиз жойлашган макон;
Панжара ортидаги одамлар ва ҳарбийларнинг ўртасидаги фарқ нимада? – деб ўзидан сўрар эди Бруно. Кимдир йўл-йўл пижамаларни, кимдирлар эса чиройли формаларни кийиши кераклигини ким ҳал қилади?
Маълум бўлишича, болалар риоя қилиши шарт бўлган қоидаларга катталар амал қилмайди (қоидаларни катталар ўрнатган бўлса ҳам);
«Ким бўлишидан қатъи назар, ўқитувчими, ошпаз ёки комендант, дадалар қаттиққўл бўлиши керак».
- Роман асосида 2008 йилда ажойиб фильм суратга олинган. Режиссёр – Марк Ҳерман;
- Тахминларга кўра, асар воқеалари Аушвицда бўлиб ўтади (Освенцим ўлим лагери), вақт – 1943–1944 йиллар.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Мавзуга доир:
Кўрлар мамлакатида бир кўзлилар қирол бўлади. Хосе Сарамагонинг «Кўрлик» романи ҳақидаБир қотил тарихи. Патрик Зюскинднинг «Парфюмер» романи ҳақида
«Дунёни қанчалик кўп кузацам, менга у шунчалик ёқмай кетяпти». «Андиша ва ғурур» романи ҳақида
Болалик инсоннинг асл ҳолатидир. «Кичкина шаҳзода» қиссаси ҳақида
«Мен инсонман. Мен севишим керак». «Элжернон учун гуллар» романи ҳақида
«Бу ҳаётда ё овчисиз, ё ўлжа». «Буюк Гэтсби» романи ҳақида
Ўсмирликдан ўтиш қийинчиликлари ва Жером Селинжернинг «Жавдарзордаги халоскор» романи ҳақида
«Қанча уринма, оғритганда оғрийди». Харуки Муракамининг «Норвегия ўрмони» романи ҳақида
Изоҳ (0)