Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари Россия Федерацияси фуқароси бўлган «Ботир Бухарский» лақаби билан жиноят оламида машҳур «қонундаги ўғри»ни Испанияга эсктрадиция қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берган.
«Қонундаги ўғри» 2019 йил апрель ойида Украинага ноқонуний йўллар билан кириб келган. Украина миллий полициясининг Киев вилояти стратегик тергов бошқармаси ушбу ҳаракатларда бохабар бўлган», — дейилади маълумотда.
Ботир Бухарский қаерда яширингани аниқлангач уни қўлга олиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилиб, бу ҳақда Европадаги ҳуқуқ тартибот идораларига хабар берилган.
Украина полицияси хабарига кўра, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Ботир Бухарский 2017 йилда Испанияда жиноят содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган. У уюшган жиноий гуруҳ таркибида пул ювиш тузилмаларида иштирок этган. Жиноят йўли билан ўзлаштирилган маблағлар кўчмас мулк харид қилиш орқали легаллаштирилган.
Ботир Бухарский 1998 йилда Москвада «Дед Ҳасан» ҳомийлигида обрў орттирган ва «Япончик» лақабли Россия жиноят олами «қонундаги ўғриси»нинг шогирдларидан бири ҳисобланарди.
Ҳибсга олинган 48 ёшли «авторитет» хорижликлар вақтинчалик сақланадиган ерга олиб келинган. Ботир Бухарский 24 декабрда Испанияга жўнатилган ва испан ҳуқуқ-тартибот идоралари ихтиёрига топширилган.
Изоҳ (0)