Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги ошхоналардан бирида спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирган икки танишнинг зиёфати ўзаро жанжал сабабли пичоқбозлик билан тугади.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабарига кўра, воқеа 21 декабрь, шанба куни соат 13:30 да содир бўлган. 51 ёшли А.А. таниши О.Г. билан бирга ўзаро келишмовчилик натижасида келиб чиққан жанжал вақтида О.Г. стол устида турган ошхона пичоғи билан А.А.нинг қорин қисмига тан жароҳати етказган.
Оқибатда А.А. олган тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Бирламчи тиббий маълумотномага кўра, фуқаро А.А.нинг «қорин қисмида санчилиб кесилган» жароҳати мавжудлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нурафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро О.Г.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)