Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида Жанубий Корея услубида қурилган болалар боғчасининг иккинчиси иш бошлади. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Туманнинг «Муллазоир» қишлоғида иш бошлаган 160 ўринли боғча 6 миллиард 810 миллион сўм маблағ эвазига қурилган бўлиб, боғча хоналари миллий, маданий, тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик ўйинлар ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан жиҳозланган.
— Боғчанинг ташқи томонида эса болалар учун ўйин ва спорт майдончалари, ёзги айвончалар замон талаби даражасида қуриб битказилди, — дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Гулчеҳра Ҳамидова. — Ушбу маскан зарур мебель ва ўйинчоқлар тўплами, кўргазмали воситалар билан тўлиқ таъминланган.
Маълум қилинишича, боғчада рус ва инглиз тилида таълим-тарбия берилади.
Қайд этилишича, мазкур қишлоқда илгари болалар боғчаси бўлмаган. Вилоятда Жанубий Корея услубида қурилган боғчалар сони ҳозирда 2 тани ташкил этади.
Айни пайтда тумандаги мавжуд боғча ёшидаги 18 318 нафар боланинг 8 468 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган. Ҳозирги кунда туманда 90 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритади.
Изоҳ (0)