Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида жойлашган Enter Enjineering компаниясига қарашли Ғузор туманида UzGTL лойиҳаси асосида ташкил этилган шаҳарча ишчиларидан 9 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ва Нишон тез тиббий ёрдам илмий марказига 2 нафари 13 декабрь, жума куни соат 8:30 дан 16:30 гача кўнгил айниши, қайд қилиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, совуқ қотиш каби касаллик белгилари билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев хабар берди.

Фото: UzGTL

Ўтказилган тиббий кўрикдан сўнг уларга овқатдан заҳарланиш — «Ўткир гастроэнтерит» ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат бўйича Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошчилигида штаб ташкил этилган. Овқатдан заҳарланиш келиб чиқишига гумон қилинган таомдан истеъмол қилган ишчилар тузилган комиссия томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. 14 декабрь, шанба соат 7:00 ҳолатига ўтказилган тиббий кўрик давомида яна 54 нафар ишчи овқатдан заҳарлангани аниқланиб, шифохоналарга олиб келинган.

Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 49 нафар, Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида 10 нафар, Ғузор туман юқумли касалликлар шифохонасида 4 нафар, Нишон туман тез тиббий ёрдам бўлимида 2 нафар, жами 65 нафар бемор даволанмоқда. Беморларнинг 46 нафарининг аҳволи енгил, 19 нафари ўртача, оғир беморлар йўқ. Дори-дармонлар захиралари етарли.

Беморлардан олинган намуналар ва заҳарланиш келиб чиқишига гумон қилинган таомдан олинган намуналарда лаборатория текширувлари давом этмоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.