Қашқадарёда оилавий шароити сабаб, фуқаролик паспортини ўз вақтида ололмаган 17 ёшли ўсмир вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ва ИИБ бошлиғидан кўмак сўради, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Хабар берилишича, 17 ёшли бола Президентнинг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида қабул ўтказаётган вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ва ИИБ бошлиғи Шуҳрат Сотволдиев қабулида бўлиб, аҳволи оғирлигини маълум қилган.
«Улуғбек Маҳмадумаровнинг шахсига оид ҳужжатлари ўрганиб чиқилганда, унинг отаси Тожикистон Республикаси фуқароси эканлиги, ҳозирги кунда Тожикистон Республикаси «Вахш» туманида яшаши, онаси Менгбоева Маҳбубага эса фуқаролиги йўқ шахс сифатида гувоҳнома расмийлаштириб берилганлиги аниқланди», – дейди Қашқадарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори Фаёз Қурбонов.
Аниқланишича, у онаси билан Қарши туманининг «Отчопар» қишлоғида яшаб келади.
Зоир Мирзаев топшириғига асосан 17 ёшли ўсмир мурожаати ИИБ бошлиғи, полковник Шуҳрат Сотволдиев назоратига олинди ва ҳомийлик ёрдамида унга шахсини тасдиқловчи ҳужжат — фуқаролик паспорти расмийлаштириб, паспорт билан бирга бадиий китоб совға қилинди.
Изоҳ (0)