Экологик партия вакили Орол денгизини қайта тиклаш учун Сибир дарёлари сувларини олиб келиш лойиҳасига қайтишни таклиф қилди. Sputnik’нинг хабар беришича, партия вакили дарёлар оқимини ўзгартириш ёки янги каналлар қазишни эмас, балки қувур қуриш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда.
Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси, Ширшов номидаги Океанология институти директори ўринбосари Петр Завьялов бундай қарорнинг қанчалик мақсадга мувофиқлигига баҳо берди. Экология ва океанология соҳаларида мутахассис бўлган Петр Завьяловнинг сўзларига кўра, Орол денгизи экологик ҳалокати аллақачон минтақавий даражадан чиқиб улгурган ва у тизимли ва кенг қамровли ечимга муҳтож.
«Албатта бу бирданига қабул қилинадиган популистик қарор бўлмаслиги керак — бундай лойиҳалар жиддий экологик ва муҳандислик баҳолаш ишларини талаб қилади. Сибир иқлимининг ўзгараётганлиги, чучук сувнинг ҳаддан кўплиги ва у ерда доимий тошқинлар бўлиб туришини ҳисобга олсак, бу яхши фикр. Бундай шароитларда Иртиш дарёси сувининг бир қисминин Ўрта Осиёга оқизиш Ўзбекистон муаммосини ҳал қилиши ва Россиядаги вазиятни нормаллаштириши мумкин», — деб таъкидлаган Завьялов.
Унинг айтишича, бундай сув қувурини ўтказиш юзлаб миллиард долларга тушиши мумкин, бироқ бу газ ва нефть каби сарфланган харакатларни тўлиқ қоплайдиган лойиҳа бўлади.
«Энг муҳими бу қайта тикланадиган ресурс. Нима учун биз газ ва нефтни сотган каби сувни ҳам сотолмаймиз? Мен бу ерда ҳеч қандай қўрқинчли нарса кўрмаяпман», — дея ўз фикрини якунлаган Завьялов.
Изоҳ (0)