Бухоро вилояти Ғиждувон туманида Миллий гвардия ходими зиёратга келиб, тоби қочган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатди ва унинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Миллий гвардия томонидан хабар берилди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи ҳудудида ўз хизмат вазифасини ўтаётган Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходими О.Зикриллаев зиёратга ташриф буюрган фуқаролардан бири ҳушидан кетиб йиқилганини кўриб қолган. Шундан сўнг, у ўз шеригига тез ёрдамга хабар беришни тайинлаб, зудлик билан ушбу фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга киришган.
Миллий гвардия ходимининг ёрдамида ҳушига келтирилган зиёратчи тез тиббий ёрдам етиб келгунига қадар кузатувда бўлиб, соғлиғи яхшиланганига ишонч ҳосил қилингандан сўнг кузатиб қўйилган.
Тиббий ёрдам кўрсатилиши вақтида ушбу фуқаро Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи И.Д. эканлиги аниқланган.