Тошкент шаҳрида 2019 йилнинг 30 ноябрь ҳолатига 189 та меҳмонхона ва 88 та хостел фаолият юритмоқда. Мазкур муассасаларда жами 17 429 кишини қабул қила оладиган саккиз мингта хона мавжуд. Шунингдек, шаҳарда 50 та оилавий меҳмон уйи ҳам фаолият олиб бормоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Иззатбек Жўраевга таяниб, Uz24 хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкентдаги меҳмонхоналар ва шу каби муассасаларнинг тўлиш даражаси 85 фоизни ташкил қилади. 2019 йилнинг ўзида 34 та меҳмонхона ва 50 та хостел қурилган.
Тошкентда туризмни ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 2021 йилнинг охирига бориб шаҳарда 30 000 кишини қабул қиладиган 13 500 та хонага эга тахминан 500 та меҳмонхона фаолият олиб боради.