Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь, пайшанба куни Япониянинг Нагоя шаҳри мери Такаси Кавамурани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, банк-молия, илмий-техник ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик кенгайиб бораётганини қайд этди. Учрашув Ўзбекистон делегациясининг Японияга расмий ташрифи арафасида ўтаётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, Нагоя шаҳри Япониянинг энг йирик саноат ва илмий марказларидан бири бўлиб, у билан ҳамкорлик турли ўзаро манфаатли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг истиқболларни очади.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги шериклик, жумладан, 2010 йилда Тошкентда очилган Нагоя университети ваколатхонаси кўмагида ривожланиб бораётгани юксак баҳоланди.
Учрашувда автомобилсозлик, шаҳарсозлик, тўқимачилик, юқори технологиялар, инновациялар, туризм ва бошқа йўналишларда яқин ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасида имзоланиши кутилаётган ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, Тошкентда Юқори технологиялар паркини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Нагоя Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик учун кўприк бўлишига ишонч билдирилди.
Истиқболли дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни илгари суриш мақсадида «йўл харитасини» ишлаб чиқишга келишиб олинди.