ДХХ ходимлари Тошкент ИИББ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида пойтахтнинг Учтепа туманидаги масжидларнинг бирида мутавалли бўлиб ишловчи, 1989 йили Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, ўрта маълумотли шахс вақтинча яшаш манзилида жорий йил сентябрь ойидан буён 4 нафар вояга етмаган болага ноқонуний тарзда диний сабоқ бериб келаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида ва Тошкент шаҳрида туғилган болаларнинг уч нафари 6 ёшли бўлиб, ҳали мактабга ўқишга бормаган, тўртинчиси эса Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги мактабларнинг бирида 5-синф ўқувчиси ҳисобланади.
Болалар мазкур шахс ижарада турган уйнинг хоналаридан бирида яшаган ва диний сабоқ олган. Бунинг учун уларнинг ота-оналари ҳар ой 900-950 минг сўм миқдорида пул тўлаган.
Қайд этилишича, диний таълимга эга эканлиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган шахс ўқитиш жараёнида болаларга нисбатан жисмоний жазолар қўллаган.