Бу ҳафта кучли дебатлари, совуқ ҳавоси, электр ва газсиз аҳолининг намойишлари билан тарихга ёзилди. Демак, бир бошдан бошладик.
Мустақиллик бошларида узоқ қишлоқлардан бошланган электрсизлик ўз йўлида дастлаб туман марказларини, сўнгра вилоят марказлари ва шаҳарларни босиб ўтиб, ниҳоят Тошкент шаҳрига ҳам кириб келди. 27 ноябрь куни Тошкент метросининг бир нечта станциясида электр ўчиб қолди. Эскалаторлар тўхтади. Шу куни ТВда жонли узатилаётган партияларнинг сайловолди дебати электр узилиши сабабли тўхтаб қолди.
Вилоятларда эса аҳвол бундан-да қийинлашганидан одамлар намойишга чиқди. Нукусда одамлар ҳудудни табиий газ билан таъминлаб беришни талаб қилиб, машина баллонини ёқиб норозилик намойиши ўтказди. Худди шундай ҳолат Андижонда ҳам юз берди. Ҳамма вилоятда, жумладан, пойтахтда ҳам АЁҚШлар олдида километрлаб чўзилган турнақатор навбатлар шаклланди. Сирдарёдаги автошохобчада газ берилмаётганидан норози ҳайдовчилар йўлни тўсиб қўйди. Юқорида саналган барча жойларга ҳокимлик вакиллари ва мутасаддилар етиб бориб, чора кўришга ваъда берди.
28 ноябрь куни бош вазир Абдулла Арипов шошилинч йиғилиш ўтказиб, соҳадаги аҳволни шармандали деб атади. Шундан сўнг Туркманистондан электр олиб аҳолига бериладиган бўлди. Қишда электр узилишлари кескин камайиши айтилди.
* * *
Футболга оид хабарларимиз ҳам бор. Аниқроғи футбол ичидаги эмас, футбол атрофидаги хабарлар. Ҳафта бошида «Пахтакор» стадиони бузилиши айтилди. У қачон қайтадан қурилиши аниқ эмас, ҳозир лойиҳалар танланмоқда.
16 йиллик фаолиятида беш марта Осиёнинг энг яхши ҳаками номига лойиқ кўрилган ҳамюртимиз Равшан Эрматов ҳакамлик ишига якун ясади. Бу ҳақда ОФК қароргоҳида ташкил этилган махсус маросимда маълум қилинди. Эрматов мазкур маросимда ОФК томонидан Осиё футболига қўшган ҳиссаси учун махсус соврин билан тақдирланди. Эрматов учта жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашган ва унда рекорд даражада (11 ўйин) кўп учрашувда ишлаган.
Биз фақат Хитойдан импорт қилмаймиз, балки Хитойга экспорт ҳам қиламиз. ЎзТЖ собиқ мураббийси Самвел Бабаян Хитой клуби билан шартнома имзолади. Бабаян 1 декабрь куни Хитойга учади ва «Чанчунг Ятай» клубида ишлай бошлайди.
* * *
29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовлар иштирок этди. Учрашув четдан аралашувлар орқали эмас, иштирокчилар ташаббуслари билан ўтказилаётгани аҳамиятлидир.
Гурбангули Бердимуҳамедовга ЎзФА фахрий академиги унвони берилди. МО етакчилари Кўксарой қароргоҳида дарахт ўтқазди ва тилла суви юритилган гулчелакларда суғорди. Шунингдек, улар марҳум президент Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди. Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё кунини таъсис этишни таклиф қилди. Беш қардош давлат раҳбарлари учрашувида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, илм-фанни ривожлантириш, маданий-гуманитар соҳаларда фаол муносабат ўрнатиш, стратегик ҳамкорлик масалаларида фикр алмашилди.
* * *
Ўзбекистондан тўққиз минг километр олисда икки ўзбек оиласи ҳалокатга учради. АҚШнинг Техас штатида истиқомат қилувчи Отабек Облоқулов Онтарионинг Кингстон шаҳри атрофида Piper PA-32 самолётини бошқариб кетаётганида фожиа келиб чиққан. Самолётда Облоқуловнинг турмуш ўртоғи ва 3, 11 ва 15 ёшли фарзандлари бўлган. Бортда Канаданинг Торонто шаҳрида доимий истиқомат қилувчи, асли Ўзбекистондан бўлган Бобомурод Набиев ва унинг турмуш ўртоғи ҳам бўлган. Самолёт қуюқ ўрмонга қулаб, бортдаги барчани ҳаётдан олиб кетган. Ҳалокат сабаби ёмон об-ҳаво бўлиши мумкин.
* * *
Қизғин муҳокамлардан четда қолган бўлса-да, бир қизиқ хабарни дайжестимизга қўшдик. Сенат раиси Танзила Норбоева форумда 2020 йилда Ўзбекистонда ёшлар парламенти тузилиши мумкинлигини айтди. Хўш, улар нима иш қилади? Ёшлар парламенти аъзолари ёшларга дахлдор қонунлар тайёрланиши, такомиллаштирилишида сенаторлар билан бирга иштирок этади.
Айтиш лозимки, ёшлар парламентаризми дунё учун янгилик эмас. Бироқ давлат ҳокимияти органлари жуда шишиб ва мураккаблашиб кетган тизимда яна бир қўшимча бўғин ташкил этилишининг натижаси ҳақида башорат қилиш қийин.
* * *
Нуфузли BBC телерадиокорпорациясининг ўзбек хизмати ўзининг 25 йиллигини нишонлади. BBC аниқ ва холис мезонлар асосида ишлаши билан хориж ОАВ орасида ажралиб туради.
BBC ўзбек хизмати Ўзбекистондаги жараёнларга танқидий ёндашса-да, ижобий ўзгаришларни ҳам баҳоли қудрат ёритиб келади. BBC Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев қисқа вақт ичида жаҳоннинг айрим нуфузли нашрлари томонидан, ҳаттоки Хитойнинг ислоҳотчи лидери Ден Сяопинга қиёсланганини алоҳида қайд этган.
BBC узоқ йиллар ахборотдан тўсилган мамлакат ҳолатини четдан туриб ёритувчи дарча вазифасини ўтаган ва ўзбекистонликларга ҳаққоний ахборотни етказишда ҳаракат қилган. Шу муносабат билан АОКА директори Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева BBC Ўзбек хизматини 25 йиллиги билан Тошкентдан табриклади. 25 йиллик тарихда Тошкентдан бундай эътироф кузатилмаган эди.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи воқиф бўлинг.
Изоҳ (0)