Жиззахда ўғри ўғирлаган пулларини омонатга қўйди, деб ёзади ЎзА.
Жиззах вилояти Зомин тумани «Халқаобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т.Усмонов ўғрилик қилиб, бошқалардан олган қарзини узишга қарор қилди. У бозорда қўшниси М.Эргашевни учратади, унинг қўлида кўп пул борлигидан хабар топади.
Шу куни кечаси М. Эргашевнинг уйига йўл олади. Уйда ҳеч ким йўқлигини аниқлагач, яшаш хонадонига кириб, пулларни қидира бошлайди. У ётоқхонада сақланаётган темир сейфни оча олмаганидан сўнг уни кўтариб чиқиб, ижарага олган уйига олиб борган.
Эртаси куни сейфни бузиб, унинг ичидаги 6 минг 500 АҚШ доллари 100 евро, 100 Хитой юани, 1 минг Россия рубли, бир жуфт аёллар тилла сирғаси ва тилла занжири, бир дона эркаклар тилла узуги, бир дона аёллар тилла узугини олиб, талон-торож қилган.
Бундан ташқари, Т.Усмонов М.Эргашевнинг яшаш хонадони кадастр йиғма жилдини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва огоҳлантириш талонини ҳам олиб, бу ҳужжатларни тоғасининг уйига олиб бориб яширган. У 33 миллион сўм пулларни банкка олиб бориб, омонатга топширган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Т.Усмоновдан ўғирланган бир дона темир сейф, М.Эргашевга тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаси, огоҳлантириш талони, уй ҳужжатлари, бир дона тилла занжир ва АТБ «Агробанк» Ширин филиали томонидан берилган омонат дафтарчаси ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Т. Усмоновга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)