Ноябрь ойи жаҳон тарихидаги кўплаб муҳим саналар билан боғлиқ. Шулардан энг муҳимларидан бири Октябрь инқилоби бўлса керак. Умуман, ушбу воқеанинг номиёқ одамни бироз ҳайрон қолдиради: Октябрда рўй берган инқилоб қандай қилиб ноябрь ойи билан боғлиқ бўлиши мумкин?
«Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ўз мақоласида Октябрь инқилоби билан боғлиқ шу ва бошқа саволларга жавоб беради.
Тарихда инқилоб ва тўнтаришлар кўп бўлган, аммо уларнинг ҳеч бири жаҳон тарихида ва геосиёсий майдонида ХХ аср бошларида Россияда рўй берган ва кимлардир томонидан Октябрь инқилоби, кимлардир томонидан Октябрь тўнтариши деб аталган воқеадай таъсир кўрсатмаган.
Октябрь инқилоби туфайли Россия тепасига коммунистлар келган ва 1991 йил 18 августгача ҳукмронлик қилган. 7 ноябрь санаси СССРда Инқилоб куни сифатида катта тантаналар билан нишонланган. Бу инқилоб ҳақида кўп ва хўб гапирилган, ёзилган.
Нега у октябрь ойида бўлиб ўтганига қарамай, 7 ноябрда нишонланган? Меньшевиклар кимлар? КПССнинг номи неча марта ўзгарган? Қуйида шу ва бошқа саволларга жавоб қидирамиз.
Россиянинг бир қисми Европанинг энг шарқий қисмида жойлашгани, ҳудудининг катталиги, Европа давлатларидан бирмунча узоқлиги учун XVIII–XIX асрларда Европада бўлиб ўтган турли ислоҳотлар Россияга энг охирида етиб келган. Европанинг аксар мамлакатларида парламент ташкил қилиниб, бошқарув абсолют монархиядан конституцион бошқарувга ўтиб бўлганда Россияда мамлакат ҳали ҳам император томонидан бошқариладиган абсолют монархия эди. Шунингдек, Европа давлатларида одамларнинг сиёсий онги ошиб, улар турли намойишларга чиқиб юрганда россияликлар ҳали уйқуда эди.
Инқилобни кўпчилик Россия Биринчи жаҳон урушида қатнашиши ва унинг ортидан рўй берган қийинчиликлар билан боғлайди. Россияда инқилобга уриниш анча йиллар аввал – ХХ асрнинг илк йилларидан бошланган эди.
Биринчи инқилоб қачон бўлган?
XIX асрнинг иккинчи ярмидан Россияда ҳур фикрли ва сиёсий онги етилган инсонлар кўпайди. Улар яширинча турли партиялар тузди. Россия бошқалардан ортда қолаётгани ва бунинг ортидан асосий юк халқ гарданига тушаётганини айтиб, Россияда нафақат бошқарувда, балки бошқа соҳаларда ҳам ислоҳотлар ўтказиш кераклигини илгари сурди. Шу тариқа XIX аср охири – ХХ аср бошида жамиятда мавжуд тузумга қарши қатлам шаклланди ва унинг сайъ-ҳаракати билан нафақат 1905–1907 йилги Биринчи рус инқилоби, балки Февраль ва Октябрь инқилоби ҳам юз берди ва император ҳокимияти йиқитилди.
Дарвоқе, илк марта «Йўқолсин яккаҳокимлик», «Яшасин республика» шиорлари Биринчи инқилоб даврида ўртага чиқди. Инқилоб туфайли 1906 йил 27 апрелда Давлат Думаси тузилди; бу сана Россияда парламетаризмнинг бошланиши сифатида тарихда қолди.
Биринчи инқилоб анча тартибсиз тарзда бўлиб ўтган бўлса, 1915–1916 йилларга келиб Россияда императорнинг яккаҳокимлигига чек қўйиб, мамлакат парламентар бошқарилишини ва кўп соҳаларда ислоҳотлар ўтказилишини хоҳловчилар энди тартибли ва уюшган ҳолда ҳаракат қила бошлади. Энди улар маълум йўналишни аниқ мақсадлар билан танлаб олган эди. Большевиклар, меньшевиклар, эсерлар ва бошқа кўплаб партиялар энди бир ёқадан бош чиқариб, императорни йиқитиш учун ҳаракат бошлади. Улар мамлакатни монархия бошқарувидан республика бошқарувига ўтказиш тарафдорлари эди.
Россияни демократик республика қилиш тарафдорлари орасида турли тоифа вакиллари бўлгани учун бу инқилоб кейинчалик Буржуа инқилоби деб аталди.
Меньшевиклар кимлар эди?
1903 йилда Буюк Британия пойтахти Лондонда Россия социал-демократ ишчилар партияси (РСДРП) II съезди бўлиб ўтади. Съезд ишида партия юқори органига вакиллар сайланади ва сайловда партия сафига буржуазия вакиллари бўлган ўзига тўқ ўртаҳолларни ҳам қабул қилиш лозим деб ҳисоблайдиган делегатлар ўртага чиқади. Уларнинг раҳнамоси И.О. Мартов эди. Ленин бунга қарши бўлади. Масала овозга қўйилганда Ленин тарафдорлари кўп экани маълум бўлади.
Шундан кейин меньшевиклар РСДРПнинг бошқа йиғинларида қатнашмади. Улар ўзлари алоҳида йиғиладиган бўлди. Меньшевиклар большевиклар билан ғоя тарафдан бирлаша олмаган бўлса ҳам, амалий ишларда доим бирга бўлди. Биринчи инқилобда ҳам, Февраль инқилобида ҳам, Октябрь инқилобида ҳам улар большевиклар билан бир сафда туриб ҳаракат қилди.
Октябрь инқилобидан сўнг ҳокимиятни қўлга олган Ленин уларни таъқиб қила бошлади. 1918 йилда у меньшевикларни «ишчи ва деҳқонлар ҳукуматига қарши қуролли тўнтаришга тайёргарлик кўриш»да айблаб чиқди. Меньшевиклар ҳамма жойда қамоққа олина бошланди. Бу жараён 1919 йилда ҳам давом этди. Меньшевиклар хорижга қоча бошлади. 1920–1922 йилларда меньшевикларнинг аксарияти хорижга чиқиб кетди. 1936–1938 йилларда бошланган Сталин қатағонларида эса қолганлари йўқ қилинди. Озроқ қисми ўз айбини намойишкорона тан олиб, жазоланмай қолди.
Февраль инқилоби
1917 йил 18 февраль: Петрограддаги Путиловск заводи ишчилари иш соатларини қисқартириш ва иш ҳақини оширишни талаб қилиб иш ташлаш уюштирди.
1917 йил 21 февраль: Петроградда нон етказиб бериш қийинлашди ва нонга карточка тизими жорий этилди. Ўн минглаб инсонлар нон талаб қилиб кўчаларга чиқди. Улар ҳукуматдан зудлик билан халққа нон топиб бериш, урушни тўхтатиш, фронтдаги қўшинларни орқага қайтариш ва монархияни республикага алмаштириш каби сиёсий талаблар қўйди.
1917 йил 24–26 февраль: Петербургда иш ташлаб кўчага, ҳукуматга қарши намойишга чиққанлар сони 200 мингдан 300 минггача етди. Намойишчиларни полиция тўхтата олмади. Ҳарбийлар эса халқ йўлини тўсишни, одамларни куч билан тарқатишни хоҳламади.
1917 йил 27 февраль: намойишчиларга армиянинг бир неча батальони ҳарбийлари қўшилди ва намойиш қуролли қўзғолонга айланди. Намойишчилар ҳарбийлар ёрдамида пойтахт Петрограддаги барча административ биноларни қўлга олди.
1917 йил 28 февраль: ҳокимият муваққат ҳукуматга ўтди.
1917 йил 1 март: қуролли қўзғолонлар Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам бошланди.
1917 йил 2 март: Николай II вориси Алексей фойдасига тахтдан воз кечди. Аслида биринчи номзод Николай II нинг укаси Михаил Александрович эди. Аммо Николай II ўз ўғлини тахтга ўтқазиш учун қоидалардан чекинди. Бироқ унинг ўғлига тахтга ўтириш насиб этмади.
1917 йил 4 март: Россия императори Николай II истеъфо бергани ҳақидаги хабар мамлакатдаги барча газеталарда эълон қилинди. Унинг ортидан эса Михаил Александровичнинг ҳам тахтдан воз кечгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Николай ва оила аъзоларининг аянчли тақдири
1917 йил март ойида истеъфо берган Россия императори Николай II нинг тақдири жуда аянчли тугади. У тахтдан воз кечганидан кейин 22 мартдан 14 августгача уни оила аъзолари билан Александр саройидаги Царское селода уй қамоғида сақлашди.
14 август куни Николай II ва оила аъзоларини темир йўл орқали Сибирга жўнатишди. Тюмень шаҳригача поездда юрган император сўнг пароходга ўтқазилиб, Тобольск шаҳрига олиб келинди. Тобольскда уларни собиқ губернаторнинг яхшилаб таъмирланган уйига жойлаштиришди. Бу ерда император ва унинг оиласи анча эркин яшади. Улар соқчилар ҳамроҳлигида кўчада, бозорда бемалол юриши мумкин эди.
Орадан салкам бир йил ўтиб, апрель ойида Умумроссия марказий ижроий қўмитаси (ВСИК) Николай II ва унинг оиласини Санкт-Петербургга қайтариш ва уларни суд қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Апрель ойининг сўнгги кунларида Николай II ва унинг хотини ва болалари, унга хизмат қилаётган беш нафар одам (врач, ошпаз ва унинг ёрдамчиси, хона хизматчиси, шахсий хизматчи) қамоққа олиниб, Екатеринбург шаҳрига олиб келинди ва қамаб қўйилди.
1918 йил 17 июль куни кечки пайт Николай II, унинг хотини Александра Фёдоровна ва болаларини, уларга хизмат қилган врач ва уч нафар хизматчини Екатеринбург шаҳрида ўқотар қурол билан отиб ўлдиришди. Уларнинг жасадларига кислота қуйиб куйдирилиб, оммадан бекитикча Екатеринбург шаҳри четига олиб чиқиб кўмиб юборишди.
Октябрь инқилоби ҳақида
Россияни етти ой муваққат ҳукумат бошқарди. Бу давр мобайнида Ленин бошлиқ большевиклар мамлакат бўйлаб жуда фаол иш олиб борди ва жойларда аҳолига, ишчи ва деҳқонларга ҳукумат ҳанузгача буржуазия қўлида қолаётгани, уни албатта пролетар ишчи ва деҳқонлар эгаллаши ва ҳокимият «ҳақиқий эгалари» қўлига ўтиши лозимлигини уқтирди.
1917 йил 16 октябрда большевиклар партиясининг марказий қўмитаси қуролли тўнтариш ҳақида қарор қабул қилди.
1917 йил 18 октябрь куни Петроград гарнизони муваққат ҳукуматга бўйсунишни хоҳламади.
21 октябрь куни гарнизон бошлиқлари фақатгина большевиклар Петроград кенгашига бўйсунишини эълон қилди.
24 октябрдан бошлаб Петрограддаги муҳим объектлар большевиклар томонидан бирин-кетин эгаллана бошланди. Кўприклар, вокзал, телеграф, банклар, электростанция ва типографияни ҳарбий инқилобий қўмита эгаллади.
25 октябрь куни муваққат ҳукумат қўлида фақат битта объект – Қишки сарой қолган эди холос. Ўша куни соат 10:00 да большевиклар томонидан ишчи ва аскар депутатлари Петроград кенгаши Россияда ягона давлат ҳокимияти экани ҳамма жойга эълон қилинди.
25 октябрь куни кечки соат 21:00 да «Аврора» крейсеридан сигнал берилди ва шу тариқа Қишки саройни забт этиш операцияси бошланди. Саноқли соатлардан кейин Қишки сарой ҳам забт этилди. Қаршилик кўрсатганлар ўлдирилди. Саройда бўлиб турган барча қамоққа олинди. Мамлакатнинг барча ҳудудларига Россияда ҳокимият ишчи ва деҳқонлар қўлига ўтгани эълон қилиниб, телеграммалар юборилди.
КПСС ҳақида
РСДРП 1898 йилда тузилган. 1903 йил 30 июль куни партиянинг навбатдаги съездида делегатлар большевиклар ва меньшевиклар номи билан иккига бўлиниб кетганидан кейин партиянинг қисқартма номи – РСДРПга «большевиклар» сўзини ифодаловчи «б» ҳарфи қўшилиб ёзиладиган бўлди – РСДРП(б).
Октябрь инқилобидан кейин, 1918 йил 8 март куни партиянинг навбатдаги – VII съездида мутлақ кўпчилик овоз билан партия номи Россия большевиклар коммунистик партияси – РКП(б) га ўзгартирилди.
1924 йилда СССР тузилганидан кейин, 1925 йили партиянинг XIV съездида унинг номи Бутуниттифоқ большевиклар коммунистик партияси – ВКП(б) деб яна ўзгарди.
1952 йил октябрь ойида партиянинг XIX съездида Совет Иттифоқи коммунистик партияси (КПСС) деб яна қайта ўзгартирилди.
Октябрь инқилоби нега 7 ноябрда байрам қилинган?
Юқорида Октябрь инқилобининг қисқача тарихини ўқидингиз; у ерда инқилобнинг асосий ҳодисалари 25 октябрда рўй бергани ёзилган. Аммо СССРда инқилоб куни 7 ноябрда байрам қилинган.
Бунга сабаб шуки, 1918 йилгача Россияда Юлий тақвимидан фойдаланган. 1918 йил 14 февраль куни Россия Григорий тақвимидан фойдаланишга ўтди. РСФСР Халқ комиссарлари қарори билан 1918 йил 31 январнинг эртаси 1 февраль эмас, 14 февраль санасидан бошланди. Шу тариқа тақвим 14 кун олдинга сурилди. Шу туфайли инқилобнинг ҳал қилувчи куни ва байрами 25 октябрда бўлиб ўтган бўлса ҳам, байрам куни янги тақвимга мувофиқ 7 ноябрга кўчирилган.
Ёши катталар яхши эслайди, 7 ноябрь СССРда байрам сифатида дам олиш куни эди ва шу куни мамлакат бўйлаб жуда катта байрам тантаналари ўткизиларди.
Бугун 7 ноябрь Россияда байрам куни эмас. Фақат Беларусда «Улуғ Октябрь инқилоби байрами» сифатида байрам қилинади.
Хулоса
Октябрь инқилоби дунё сиёсий саҳнасига жуда катта таъсир кўрсатди. Евросиёнинг кўплаб мамлакатларида коммунистик партиялар тузилди. Ҳокимиятни эгаллаш учун қўзғолонлар уюштирилди. 1918 йилда Биринчи жаҳон уруши тугаши билан Европадаги иккита катта империя – Германия ва Австрия-Венгрия қулаганидан сўнг Германия ва Венгрияда бўлиб ўтган инқилоблар аҳамиятли бўлди. Аммо орадан бироз ўтиб, ҳар икки инқилоб ҳам бостирилди.
Иккинчи жаҳон урушида СССР ғалаба қозонар экан, бутун дунёда коммунистик партияга қизиқиш ортиб кетди. Дунёнинг аксар давлатларида, Европа мамлакатларининг қарийб барчасида коммунистик партиялар тузилди. Иккинчи жаҳон урушида СССР «озод қилган» кўплаб мамлакатлар фашистлар чангалидан қутулиб, коммунистлар чангалига тушиб қолди. Польша, Венгрия, Чехословакия, Руминия, Болгария, Югославия, Албания СССР босими билан социализм йўлидан кетишини эълон қилди.
1989 йилда нафақат СССРда, балки Шарқий Европадаги социалистик лагерга кирувчи мамлакатларда ҳам миллий уйғониш ва озодлик ҳаракатлари бўлиб ўтди. Бунинг натижасида уларнинг аксариятида коммунистлар ҳокимиятдан ағдарилди ва улар бундан буён социализм ғояси билан яшамаслигини, келажагини бозор иқтисодиёти, инсон эркинлиги устига қурмоқчи эканини эълон қилди. Ана шу ҳодисаларда аксарият социалистик лагерга кирувчи мамлакатлар раҳбарлари ўз халқига хиёнат қилганликда, мамлакатда диктатура ўрнатганликда айбланиб қўлга олинди, суд қилинди ва жазога тортилди.
1991 йил СССР тарқаб кетганидан сўнг кўп давлатлар коммунистик партиядан воз кечди.
Бугунги кунда ҳам дунёнинг қатор давлатларида коммунистик партия фаолият олиб боряпти; уларда бу партия ҳукмрон ҳисобланади:
Хитой Халқ Республикаси;
Вьетнам Социалистик Республикаси;
Лаос Халқ Демократик Республикаси;
Корея Халқ Демократик Республикаси;
Куба Республикаси.
1917 йилда «ҳокимият ишчи ва деҳқонларга ўтиши лозимлиги»ни илгари сурган Ленин бошлиқ большевиклар ҳақиқатан ҳам ҳокимиятни ишчи ва деҳқонларга олиб берди. Лекин орадан бироз ўтиб, ҳокимият тепасига чиққан «ишчи ва деҳқонлар» Чор Россияси давридаги амалдорлардан баттарроқ ваколатга эга бўлди.
Ҳокимият тепасига чиққан шахс монархлардан кўпроқ ваколатларга эга бўлди ва СССРнинг 73 йиллик тарихида янги элита ё вафот этиб тахтни бўшатди (Сталин, Брежнев, Андропов, Черненко) ёки тахтдан ағдарилди (Хрушчёв, Горбачёв). Мамлакатда тоталитар тузум ўрнатилди. Демократик сайлов ҳақида эса гап бўлмади.
Бундан ҳам ёмони, ана шу тузум улкан ҳудудда яшаётган турли миллатлар ва халқларнинг тарихи, маданияти, динига чанг солиб, ҳаммасини қориштириб ташлади. Бунда маданият, тарихнинг коммунистик ғояни ёйиш учун керак қисмини ўзига олиб, керак бўлмаганини зарарли деб, ўрганишни тақиқлади. Динлар зарарли деб топилди ва давлат бошқаруви даҳрийлик устига қурилди. Турли динларга тегишли кўплаб ибодатхоналар вайрон этилди, муқаддас китоблар ёқилди. Коммунистлар мафкурасига тўғри келмайдиган ҳамма нарсани «ёт унсур» сифатида баҳолади.
Умуман олганда, бугун тарихчилар ҳатто Россиянинг ўзида ҳам коммунистлар бошқарувидаги СССР нафақат Россия, балки жаҳон тарихида энг ёмон бошқарувга ва мафкурага эга бўлган давлат деб ҳисоблайди. Айниқса Сталин ҳукмронлик қилган 1922–1953 йиллар оралиғини ҳатто фашистик тузум бўлган деб ҳисоблашади.
Шундан келиб чиқиб баҳолайдиган бўлсак, у тузумнинг чириши, СССРнинг тарқаб кетиши ва унинг таркибида бўлган Ўзбекистонимизнинг урушсиз, вайронагарчиликларсиз мустақил бўлиб кетиши катта муваффақиятдир.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)