Отабек Умаров 4 ноябрь куни туғилган кунини нишонлаётган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёевага табрик йўллади.
«Ҳурматли Саидахон, туғилган кунингиз билан чин дилдан табриклайман! Ўзингизга бўлган ишонч ва ирода ҳеч қачон тарк этмасин! ⠀
Мукамалликка интилиш — ҳаётингиз мазмуни экан, олдингизга қўйган мақсадларга эришиш йўлидаги барча қийинчиликлар доим ортга чекинсин.
Сиз мен учун қадрли бўлган акажонимнинг қувончи, суюкли рафиқасисиз. Фарзандларингиз Миромон ва Саодатхонлар доимо ўз ютуқлари билан кўнглингизни тоғдек кўтариб юришларига тилакдошман!
Омад, қувонч ва меҳр ҳаётингизда ҳамиша ҳамроҳ бўлсин», — дейилади табрикда.
Мавзуга доир: «Сизнинг борлигингиз менга куч бағишлайди». Отабек Умаров рафиқаси Шаҳноза Мирзиёевани туғилган куни билан табриклади
Саида Мирзиёева 2006 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тугатган. 2006—2008 йилларда Тошкент давлат юридик университети ҳамда 2008—2010 йиллардан Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистранти бўлган.
Саида Мирзиёева 2010—2018 йилларда илмий тадқиқот фаолияти билан машғул бўлган. 2018 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тадқиқотчисидир. Шунингдек, 2018 йилдан ҳозирга қадар М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Стратегик тадқиқотлар маркази илмий ходими ҳисобланади.
У 2019 йилдан эътиборан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директор ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.
Аввалроқ, Ўзбекистон Президентининг куёви Отабек Умаров ва қизи Шаҳноза Мирзиёева Instagram’даги саҳифалари орқали бир-бирини тўйларининг 12 йиллиги билан табриклаган эди.
Изоҳ (0)