Ўзбекистон мудофаа вазири генерал майор Баҳодир Қурбонов Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатх Сингх бошчилигидаги делегация вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Учрашув давомида минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият муҳокама қилиниб, халқаро тинчликни таъминлаш борасидаги ҳамкорликларга аҳамият қаратилди.
Музокаралар давомида олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳамда ҳарбий тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш ва соҳа сифатини янада мустаҳкамлаш юзасидан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Кенг қамровли мулоқотдан сўнг Ҳиндистон ҳарбий делегацияси Қуролли Кучлар академиясига ташриф буюрди.
Улар академия тарихи музейи ва ўқув-моддий базаси, шунингдек у ерда яратилган шароилар, объектлари, инфратузилмаси ва ўқув-тарбиявий жараёни билан танишдилар. Қуролли Кучлар академияси ва Ҳиндистон Мудофаа бошқарув коллежи ўртасида ўрнатилган видеоконференсалоқа ушбу ташрифнинг муҳим воқеаси бўлди.
Икки давлат Мудофаа вазирлари ҳамда илмий-педагогик кадрларининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб борган мулоқотлари ҳамкорликни ривожлантиришнинг, ҳарбий таълим, илм соҳасида тажриба ва ахборот алмашувнинг кенг имкониятларини кўрсатди.
Изоҳ (0)