Тошкент шаҳар ИИББ итнинг устига бензин сепиб, ёқиб юборган фуқароларнинг шахсни аниқлаш билан шуғулланмоқда. Бу борадаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалган, деб хабар беради Facebook’даги «ИИББ: Халқ билан мулоқот (Тошкент)» гуруҳида.

Фото: Facebook / «ИИББ: Халқ билан мулоқот (Тошкент)»

«Бизга ёрдамингиз зарур. Мазкур видеонинг биринчи манбаси — қаерда олингани ёки видеодаги одамлар ҳақида маълумот бўлса, илтимос бизга хабар беринг», — дейилади ИИББ мурожаатида.

Сўнгги вақтларда ҳайвонларни қийнашга оид видеолар интернетда кенг тарқалмоқда.

Июнь ойида Тошкентдаги эркак кучугини отгани тасвирланган видео пайдо бўлганди. Кейинроқ маълум бўлишича, итнинг эгаси танишига мурожаат қилиб, уни отиб ташлашни сўраган. Бунга ит қариндошларидан бирини тишлаб олгани сабаб бўлган. Суд ушбу ҳолатга алоқадор тўрт кишига жарима белгилаган эди.

Июль ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги қутқарув хизмати ходимлари бир итни бўри деб ўйлаб калтаклагани тасвирланган видео тарқалган эди. Ҳайвон ҳалок бўлган. Маъмурий ишлар бўйича Яшнобод тумани суди ходимларни айбдор деб топган ва жарима белгилаган.

Самарқандда август ойида Spark ва Nexia автомобили ҳайдовчилари атайдан итнинг устига машина ҳайдагани, яна бир видеода ППХ ходими итга ғишт отгани тасвирланган эди. Самарқанд ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу воқеани инобатга олмаган, иш судгача етиб бормасдан тугатилган.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, бу маълум бўлган ҳолатларнинг бир нечтаси, холос. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонлар ҳимояси жамияти ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ҳамкорлигида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган одамлар аниқланиб, жавобгарликка тортилмоқда. Бироқ ҳайвонларга нисбатан зўравонлик қилиш учун жазо кучсизлигича қолмоқда ва тез-тез суиистеъмол қилинадиган ҳолатларда бу ўз самарасини бермаяпти.

Қийноқ ва ҳайвонларнинг ўлими ёки жароҳатланишига олиб келадиган ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган, жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг  1—3 баробаригача, такрорий қонунбузарликлар учун 3—5 баробарида жарима солинади ёки 15 кунгача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади.

Ҳайвонни қийнаш, шикаст етказиш ёки уни ўлдириш учун жаримани базавий ҳисоблаш миқдорининг 10—15 баробари, қайта такрорланса, 15—30 баробари миқдорида ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилаш таклиф қилинмоқда. Ушбу шаклдаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди, аммо иккинчи ўқишда катта жарималар кўпчилик депутатлар томонидан маъқулланмаган.