Профессионал бокснинг супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Бектемир Мелиқўзиев (2-0, 2 КО) йилнинг энг марказий бокс оқшомида рингга кўтарилади. Бу ҳақда GoSport хабар бермоқда.
Боксчининг менежери Алик Фроловнинг сўзларига кўра, Бектемир Мелиқўзиев 2 ноябрь куни бўлиб ўтадиган бокс оқшомида рингга чиқиши расман тасдиқланган. У минтақавий чемпионлик камари учун рингга чиқиши лозим. Аҳамиятли томони мазкур бокс оқшомининг марказий жангида афсонавий Сауль «Канело» Альварес (51-1-2, 35 КО) россиялик Сергей Ковалёвга (34-3-1, 29 КО) қарши рингга кўтарилади. Бектемир айнан шу бокс кечасининг кардида рингга чиқади. Жанглар Лас-Вегасдаги машҳур MGM Grand саройининг «Garden Arena»сида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мелиқўзиев франциялик машҳур боксчи, беш карра собиқ Жаҳон чемпиони Ҳассан Н’Дам Н’Жикамга (37-4, 21 КО) қарши рингга кўтарилиши ҳақида хабар берилганди. Айни вақтга қадар музокаралар давом этмоқда. Бу борада «Мир бокса« вакили 1-2 кун ичида рақиб аниқ бўлиши ва расман тасдиқланишини билдириб ўтган.
Маълумот учун, Бектемир Мелиқўзиев «Мир бокса» промоутерлик компанияси боксчиси бўлиб, унинг жангларини ташкил этиш ҳуқуқини собиқ бокс юлдузи Оскар Де Ла Ҳойяга қарашли Golden Boy промоутерлик компанияси қўлга киритган. 2 ноябрь куни бўлиб ўтадиган бокс оқшомини ҳам айнан Golden Boy промоутерлик компанияси ташкиллаштиради.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)