Самарқанд шаҳрининг Чўпон ота тепалигида 12 млн долларга янги автовокзал ишга туширилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу автовокзал қурилиши 2023 йилда бошланганди. Автовокзал SXF Camping компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилди.
Автовокзал бир вақтнинг ўзида 100 та автобус, 150 та микроавтобус ва 300 та енгил автомобилни қабул қилишга мўлжалланган. Автовокзалдан Тошкент, Жиззах вилоятларига автобуслар ҳаракати амалга оширилмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳридан Бухоро, Навоий, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларига қатновчи автобуслар ҳам мазкур автовокзал орқали ҳаракатни давом эттирмоқда.

“Бу ерда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилди. Кенг ва ёруғ кутиш зали, она ва бола хонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, электрон таблолар орқали қатновлар жадвалини кўрсатиш, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус пандуслар ва йўлаклар, автобус, микроавтобус ва йўналишсиз таксилар учун алоҳида кутиш майдонлари, ҳайдовчилар дам олиш хонаси, автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш хизмати, 24 соат ишловчи видеокузатув тизими шулар жумласидандир”, дейилади Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Автовокзалда 120 та савдо дўкони, 3 та замонавий ресторан, 14 та сервис шохобчаси, 1 та автосалон, 2 та меҳмонхона жойлашган. Янги автовокзалнинг ишга туширилиши натижасида 300 нафар аҳоли учун доимий иш ўрни яратилди.
Изоҳ (0)