Эндиликда тўхташ мумкин бўлмаган жойларда қолдирилган автомобиллар эвакуатор ёрдамида йўлдан олиб ташланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 апрелдаги «Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига асосан амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди.
Ушбу киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра 7.21 рақамли (эвакуатор ишламоқда) қўшимча ахборот белгиси пойтахт кўчаларида ўрнатилган. Мазкур белги тўхташ мумкин бўлмаган жойларда қолдирилган автомобиллар мажбурий эвакуация қилинишини англатади.
Тақиқ белгилари таъсири остида агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига кўра, транспорт воситаси ушлаб турилиши учун эвакуаторда мажбурий эвакуация қилинади.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ қонунчиликдаги мазкур ўзгаришлар амалга татбиқ этила бошланганини эслатган ҳолда аҳолидан ўз автомашиналарни тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланган жойларда қолдирмасликларини илтимос қилмоқда.
Изоҳ (0)