Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Nuz.uz» Наманган вилоятидаги чиқинди уюмларига мутасадди шахслар эътиборини жалб этишга уринди. Қуйида нашр томонидан чоп этилган мақола эътиборингизга ҳавола этилади.

Фото: «Nuz.uz»

Фото: «Nuz.uz»

Наманганни гуллар шаҳри дейишади. Ҳақиқатан ҳам Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғини, унинг атрофидаги кўчаларни айлансангиз, ранг-баранг гулларни, атрофдаги озодалик ва саранжом-саришталикни кўриб, баҳри-дилингиз очилади. Аммо айрим жойлар ҳам борки, ҳолатга боқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Ҳамроҳ ва Истиқлол кўчалари туташган бурчакдан яқин орада ўтган наманганликлар ва шаҳар меҳмонларининг оғиз-бурунларини беркитишдан ўзга чоралари йўқ. Чунки бу ердаги ахлатхона ҳафталаб тозаланмайди. Аҳоли олиб чиқиб ташлаган нарсалар орасида ачийдиган ва сасийдиганлари ҳам бор. Уларнинг қўланса ҳиди атрофни тутган. Касаллик тарқатувчи пашшалар ғужғон ўйнайди. Бундай нохуш ҳолатдан аҳоли ниҳоятда азият чекмоқда.

«Уйимиз мана шу ахлатхонадан эллик-олтмиш метр нарида. Бу ердан тарқалаётган бадбўй ҳидларга, пашшалар хуружига тоқат қилиб бўлмаяпти. МФЙ раиси Соҳибахон Холмирзаевага бир неча маротаба мурожаат қилдик. Лекин ҳозиргача ҳеч қандай натижа чиқмади. Ҳокимлик мутасаддилари, санитария назорати, ободонлаштириш бошқармаси, ‘Тоза ҳудуд’ корхонаси вакилларининг ҳам парвойи фалак», — дейди «Нурафшон» маҳалласи фуқароси Маликахон Эргашева.

Маликахон опанинг фикрларини Мунаввархон Ғафурова, Мунаввархон Сатторова, Турсунхон Турғунова каби қўни-қўшнилар ҳам тасдиқлади.

Шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларнинг мутасаддилари тезда зарур чораларни кўриб, «Нурафшон» маҳалласидаги экологик вазиятнинг яхшиланишини таъминлайди, деб ўйлаймиз.

Изоҳ
Асосий янгиликлар