Ижтимоий тармоқларда гўёки Қашқадарёнинг Қарши туманидаги 6-мактаб ўқувчилари мактаб ҳовлисида дарс ўтаётгани тасвирланган видео тарқалди. Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳида қолдирилган хабарга кўра, мактабда синфхоналар етишмаслиги сабаб инглиз тили дарси ҳовлида ўтилган.
Қарши туманидаги мактаблардан бирининг директори «Дарё»га маълум қилишича, ҳудуддаги ушбу мактаб 1000 ўринли бўлиб, унда таҳсил олувчи ўқувчилар сони 1 800 нафардан ошиб кетган. Мазкур мактабда ишловчи ўқитувчилардан бирининг «Дарё»га тасдиқлашича, фото ва видеодаги ўқитувчи шу мактабда инглиз тили фанидан дарс беради.
Маълум бўлишича, мактаб ҳовлисида ҳақиқатан ҳам инглиз тили фани ўқитилган. Исми-шарифи Дилафруз Ҳасанова эканлиги айтилган ўқитувчи, маълумотларга кўра, айни пайтда туман халқ таълими бўлими мудирига ушбу ҳолатни изоҳламоқда.
«Дарё» мухбири вазиятга изоҳ олиш мақсадида Қарши туман халқ таълими бўлими мудири билан боғланди. «Ҳозир шу ҳолатни ўрганаяпмиз. Аммо видео ҳамда расмдаги ҳолат бизнинг мактабда эмас. Ёлғон маълумот бериляпти», — деб айтган бўлим мудири Мейли Боқиев «Дарё» мухбири билан суҳбатда.
Аввалроқ Зарафшондаги 2-мактабда 4-синф ўқувчилари, Фарғонада эса 24-мактабда 1-синф ўқувчилари полда ўтиргани, Шўрчида эса Сурхондарё вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернатида ўқувчилар полда ётгани акс этган фотосуратлар тарқалган эди.
Изоҳ (0)