Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон ҳудудида 2019 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида содир бўлган ёнғинлар статистикасини эълон қилди.

Фото: UzNews

Қайд этилишича, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ўтказилган профилактик ишлар натижасида 15 441 та бино ва иншоотда ёнғин келиб чиқиш хавфининг олди олинган.

Содир бўлган ёнғинларни ўчириш вақтида кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида 30 нафар инсон қутқарилган, 624 бош уй ҳайвони, 113 хил техникалар, 268 миллиард сўмдан зиёд бино ва иншоотлар қурилмалари ва 86 миллиард сўмдан ортиқ моддий бойликлар сақланиб қолинган.

Шунингдек, 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида содир бўлган ёнғинлар, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 358 тага, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши 9 тага ва тан жароҳати олиши 58 тага камайган.

Лекин олиб борилаётган ишларга қарамасдан 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида республика ҳудудида жами 8 397 та ёнғин қайд этилиб, ушбу ёнғинларда 82 нафар инсон ҳалок бўлган ва 219 нафар киши тан жароҳати олган.

Жами содир бўлган ёнғинларнинг 68,9 фоизи аҳоли яшаш жойларида, 11,6 фоизи тадбиркорлик субъектлари объектларида, 5,3 фоизи транспорт воситаларида ва 1,4 фоизи давлат тасарруфидаги объектларда юзага келган.

Ёнғинларнинг 38,7 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 30,3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 11,4 фоизи иситиш печларининг носозлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш, 9,6 фоизи болаларнинг шўхлиги ва 4 фоизи транспорт воситаларидан фойдаланиш ва тузилиши қоидаларининг бузилишидан содир бўлган.