Ижтимоий тармоқларда 3 октябрь, пайшанба куни Когон туманидаги «Алиноз Шергирон» ҳамда «Барно-Баҳром» фермер хўжалиги далаларида ўқувчиларнинг дам олиш куни пахта йиғим-теримига жалб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Қайд этилишича, Тайтал қишлоғи ҳудудидаги далаларда 15-умумтаълим мактабининг 13 нафар ўқувчиси пахта тераётган бўлган. Repost’га кўра, фермерлар болалар Когон тумани ҳокими Йўлдош Жумаев буйруғи ҳамда Когон тумани халқ таълими бўлими кўрсатмаси билан пахта даласига олиб чиқилганини тан олган.
Мазкур ҳолатга Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан берилган расмий баёнотда эса бир нечта мутасаддилар томонидан ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабардаги ҳолатнинг мутлақо уйдирма эканлиги, улар томонидан ўқувчилар пахта йиғим-теримига жалб этилмагани, ёлғон хабар мамлакат халқ тизими ходимлари шаънига отилган тош экани баён этилган.
«Дарё» мухбири ҳамда бошқа ОАВ вакиллари тумандаги «Туни йироқ» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 15-умумтаълим мактабида бўлди. Маълумотга кўра, 390 ўринга мослаштирилган мазкур мактабда айни кунда 677 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олади. 270 нафари 1—4-синфларда, 407 нафари 5—11-синфларда, шундан 78 нафари Тайтал қишлоғида жойлашган мактаб филиалида ўқийди.
— Когон туманида 21 та умумтаълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби мавжуд. Доимий равишда пахта йиғим-теримига болаларни жалб этмаслик бўйича тарғибот ишларини олиб борамиз. Хабар уйдирма. Аммо туманда жами 12304 нафар ўқувчи борлигини инобатга олсак, дарс бўлмаган кунлари учун биз ҳаммасигаям кафолат беролмаймиз. Лекин ўқитувчилар ҳам, директорлар ҳам огоҳлантирилган, — деди Когон тумани халқ таълими бўлими мудири Баҳрон Қурбонов.
Туман ҳокими ўринбосари эса якшанбами, байрам таътилими ёки кечқурунми, бир боланинг тирноғи қонаса ҳам таълим мутасаддилари ўқувчилар учун жавобгар эканлигини таъкидлади.
— Суратдаги расмлар бизнинг ўқувчиларимиз эмас. Синф раҳбарларигаям, ҳар бир ўқувчигаям кўрсатиб чиқдик. Пахта мавсуми бошиданоқ болаларнинг пахта теримига чиқмаслигини қатъий назорат қилиб келяпмиз. Сурат фотошоп бўлиши мумкин, деб тахмин қиляпмиз. Хабарда «Алиноз Шергирон» фермер хўжалигидан ташқари «Барно-Баҳром» фермер хўжалигидаги ҳолат борасида ҳам айтиб ўтилган. «Барно-Баҳром» фермер хўжалиги Когон шаҳрига яқин қишлоқда жойлашган. У томондан бизнинг мактабга ўқувчилар қатнамайди. Бизнинг мактабдан бирор ўқувчи шу куни пахта йиғим-теримига чиқмаган ва бундан кейин ҳам чиқмайди, — дейди 15-умумтаълим мактаби директори Жамол Саидов.
Суриштирув жараёнида ўқувчилар билан алоҳида суҳбатлашилар экан, айримларидан бир хил «Биз фақат ўқиймиз, пахтага чиқмаймиз», баъзиларидан эса «Биз ота-онамизга фақат уй ишларига қарашамиз» деган жавоб олинди. Бундан ташқари, бир нечаси қишлоқда ўсиб-улғайишаётган бўлишса-да, пахта тера олмаслиги, зарурат туғилгандагина ота-онасига далага овқат ёки сув олиб бориши, айримлари қўлларидаги қадоқлик мол-ҳолларни боқиш учун ўт-ҳашак йиғишдан эканлигини айтди.
Туман ҳокимлиги ҳамда таълим идоралари вакилларининг билдиришича, шов-шувга айланаётган хабар туман ҳокимидан қасд олиш учун собиқ «Самад ўғли Мақсуд» фермер хўжалиги раҳбари, айни пайтда Когон шаҳар «Бобур» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдусамад Қурбонов томонидан уюштирилган. Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани билдирилди.
Мактаб маъмурияти ўқувчилар мавсум бошидан буён пахта теримига умуман бормагани таъкидлади ҳамда хабарда акс эттирилган суратлар мазкур таълим муассасаси болалари эмаслиги бўйича далолатнома тақдим этди.
— Ҳолат юзасидан Когон туман прокуратураси томонидан текширув бошланди. Иш давом этяпти. Натижаси бўйича расмий ахборот берилади, — деди вилоят прокурори ўринбосари Аббос Эшмуродов.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз «Алиноз Шергирон» ҳамда «Барно-Баҳром» фермер хўжалиги далаларига йўл олдик.
«Алиноз Шергирон» фермер хўжалиги отряд раҳбари Мирхон Темиров юқорида таъкидланган «саҳналаштирилган уйдирма» ташкилотчиси Абдусамад Қурбоновнинг нотаниш ва башанг кийинган ўрта ёшлардаги киши билан бирга келгани, сўроқсиз, уларнинг эътирозига қарамай суратга олгани, ўзи эса теримчилар пахтасини тарозига тортаётгани учун уларга жиддий эътибор бера олмаганини сўзлади.
Мирхон Темировга кўра, Қурбонов айни тушлик чоғида ота-онасига овқат ва чой олиб келган болаларни пахта даласига киришга ундаган. Уларга газета ва телевизорга чиқариш ваъдасини берган.
— Хабардаги суратни фермер хўжалигимиз далалари билан таққослаяпмиз, бизда бундай пахта майдони ҳам, буғдой экилган дала ҳам йўқ. Ҳудудда 16 та фермер хўжалиги бор, — деди М.Темиров.
Аммо аслида гап болаларнинг қайси далада эканлиги эмас, балки уларнинг пахта тераётганида эмасми?
— Жами 33 гектар ер майдонимиз бор, шундан 13 гектари пахта, 17 гектари ғалла етиштиришга ва 3 гектари чорвага мослаштирилган. Қишлоқ боласи дала билан. Мен болаларни далада йўқ, демайман, улар ҳозир борсангиз, ҳозир ҳам далада бор. Лекин пахта йиғим-терими учун чиқмаган. Шундоқ пахта даласи ёнида бедапоя бор. Қуруқ ўт-ҳашагидан бемалол фойдаланишини таъминлаб қўйганман. Она-отаси пахта терими билан машғул бўлгани учун чорва молларига болаларнинг ўзлари қарашади. Мол-ҳоллари учун печакўти, қамиш ва майсалар йиғиб кетишади. «Пахта даласида болалар бор», дегани бу уларнинг пахта теряпти, дегани эмас, — дейди «Барно-Баҳром» фермер хўжалиги раҳбари, ёш фермер Нодир Зойиров.
Далаларга борганда ҳақиқатан болаларнинг мол боқиб, пахта далалари этакларидан ўт-ҳашак йиғишаётганининг гувоҳи бўлдик. Узун ва қумтупроқ дала йўлларидан машинада борар эканмиз, эътиборимизни ҳудуддаги «Баҳром» фермер хўжалигида кичик ёшли боланинг айнан пахта даласида экани эътиборимизни тортди.
— Нима қилишим керак, уйимда ҳеч ким йўқ. Дарси тугади, уйга келди. 8 яшар боламни уйда ёлғиз қолдириб келайми? Отаси ҳам далада, пахта мавсумида йиғим-теримга чиқмасам, айтинг, қишлоқда қачон пул ишлаб олиш мумкин? Боламнинг хавфсизлиги учун ўзим жавобгарман. Уйда ўғлимни ёлғиз қолдириб, ўзим далада тинчгина пахта тера оламанми? — асабийлашган кўйи сўзлади фермер хўжалиги аъзоларидан бири.
Шундан сўнг ўзимизни қизиқтирган, яъни мутасаддиларнинг таъкидлашича, «уюштирилган томоша» муаллифи Абдусамад Қурбонов билан учрашдик. «Бобур» маҳалла фуқаролар йиғини «Алиноз Шергирон» ҳамда «Барно-Баҳром» фермер хўжалигидан қарийб 25 километр узоқликдаги масофада жойлашган. 1952 йилда туғилган А.Қурбонов 2005 йилда ўзи ташкил этган «Самад ўғли Мақсуд» фермер хўжалигида раҳбарлик қилиб келган. Ўзининг айтишича, 3 йил сурункасига пахтадан етарли даражада ҳосил ололмагани, фермер хўжаликни юритиш шартларини бажаролмай қолгани боис, 2018 йил декабрида фаолиятни тўхтатган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги»ги 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қароридан келиб чиқиб, А.Қурбоновнинг фермер хўжалигига тегишли ер майдонларини ҳокимлик захира фондига қайтариш тўғрисидаги ихтиёрий равишда берган аризасига мувофиқ, туман ҳокимининг 2019 йил 28 март кунги 564-сонли қарори асосида мазкур хўжаликнинг жами 96 гектар (32,7 экин, 46,8 қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, 16,5 боғ ва бошқа) ер майдонлари захира фондига қайтарилган. Туман ҳокимининг 2019 йил 22 апрелдаги 870-сонли қарорига кўра, Раҳим Сафаров раҳбарлигидаги «Турон Когон» фермер хўжалигига қўшиб берилган.
— «Турон Когон» фермер хўжалигига 25 турдаги техника воситаларимни ҳам қўшиб берганман. Уларни айрим техникалар носозлиги учун ўзим таклиф қилган 80 миллиондан 10 миллион сўм арзон қийматга, яъни 70 миллион сўм нархга сотдим. 13 йил давомида меҳнатим ва пешона терим тўкилган 8 гектарли боғ ва балиқхона харажати қопланмаган бўлса-да, Раҳим Сафаровга ишониб, ҳужжатлаштириб берган эдим. Ундан ташқари, захкаш оша экин майдонларигача етиб келадиган сув қувурлари тортганман. Жуда кўп марта узоқ йиллар ҳалол меҳнатим эвазига бино бўлган ва ҳавода қолаётган пулимни сўраб бордим. Нажот бўлмади. Туман ҳокимига арз қилишимни билдирдим. У эса: «Мен ҳокимга 4,5 тонна буғдой, 52 тонна брусчатка ва бошқа одамгарликлар қилганман, энди сенга ҳеч қанақа пул бермайман», — дея қўполлик билан жавоб берди. Шундан сўнг туман ҳокимига ҳам ушбу масала юзасидан жуда кўп марта мурожаат этдим. Фойда бермади. Бир оёғим ҳокимиятда, бир оёғим маҳаллада бўлди. Ўз пулимни ололмай, жуда кўп овора бўлдим, — деди А.Қурбонов.
Шунга кўра, А.Қурбонов ижтимоий тармоқ блогерига мурожаат қилишга ва ҳолатга бошқача ёндошишга қарор қилган.
— Бошқа чорам йўқ эди. Аммо ижтимоий тармоқда ёритилган ва ундан ташқари, тасвирга тушиб қолган бошқа болаларни ҳам танийман, хонадонигача биламан. Шу куни пахта даласида болалар бор ва пахта теришаётган эди, — деди «Дарё»га А.Қурбонов. — Мен яна андиша қилиб, ижтимоий тармоққа ёритилишидан олдин далаларда пахта тераётган болалар суратларини билдирги билан маълум қилган ҳолда туман ҳокимлиги ҳамда вилоят Фермерлар уюшмасига етказдим. Тўрт кун кутдим, натижа бўлмади. Кейин ижтимоий тармоққа жўнатдим ва шу куни хабар ёритилди. Шу йўл билан муаммойимни ҳал қилишга мажбур эдим.
А.Қурбоновга кўра, далаларда пахта йиғим-теримига жалб этилган ва суратларда акс эттирилган ўқувчилар хонадонига йўл олдик. Таъмирга муҳтож, сийратидан кам таъминланган оила эканлиги маълум хонадонга кирар эканмиз, суратда пахта елкалаб бораётгани акс этган ўқувчи қиз ва унинг онаси бизни қарши олди.
— Икки ўғлим ва бир қизим бор. Якшанба куни уйда ҳеч ким йўқ, ҳовли-жойимнинг аҳволини кўриб турибсиз. Қиз болани ёлғиз қолдириб кетиш мумкинми? Тўғри, турмуш ўртоғимни меҳнат билан банд қилиш учун келишди. Аммо уч болани таклиф қилинган ишга тўланадиган маош билан боқа олмаймиз. Эрим қишлоқдошлар уй юмушига кўмаклашиш эвазига даромад топади. Ундан ташқари, бемор қайнукам бор. Унинг ҳам соғлиғи учун масъулмиз. Пахтадан бошқа даромадимиз йўқ, шунинг учун «Алиноз Шергирон» фермер хўжалиги даласида пахта тергани фақат ўзим чиқаман. Қизим эса ёнимда юради, чунки унинг хавфсизлиги учун хавотирланаман, — деди тумандаги 15-умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси Сарвиноз Жумаеванинг (исм-шарифи ўзгартирилган) онаси.
Онанинг ҳокимлик ёки мактаб томонидан ҳеч қандай буйруқ билан эмас, шунчаки ўзига ёрдам бериши учун қизини теримга олиб чиққанини англаш қийин эмас.
Албатта, онанинг рўзғорга жилла қурса, «тўрт сўм» даромад киритиш учун пахта теримига ўқувчи қизи билан бирга чиққанини айтишни истамаётгани фожиа эмас. Фақат биз шу ерда туман халқ таълими бўлими мудирининг: «...дарс бўлмаган кунлари учун биз ҳаммасигаям кафолат беролмаймиз», шунингдек, мактаб директорининг: «Бизнинг мактабдан бирор ўқувчи пахта йиғим-теримига чиқмаган ва бундан кейин ҳам чиқмайди» деган таъкидини эсга олдик.
Бухоро вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳамроев ташаббуси билан ҳолат жойида хонадон бекаси жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан уч ой тўлаб бориладиган жамоат ишларига бириктирилди.
Кун кечлигида ОАВ ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан кун давомида излаб топилган ва суратга кўра, пахта теримига жалб этилган болалар ҳамда А.Қурбонов билан юзма-юз суҳбатлашилди.
— Ҳа, айнан шу киши (А.Қурбоновни кўрсатиб) сизларни газетага чиқарамиз ва совға берамиз, деди. Етмагандек, кутилмаганда менинг кепкамдан ушлаб, ўт жиякидан пахта майдонига тортиб туширди. Мен эса ўшанда ҳам «мани мақтаганингиз ҳам, расмга олганингиз ҳам керак эмас» деб қўрс гапириб ташладим. Шунга қарамай, бизни расмга тушира бошлади, — деди тумандаги 8-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Шаҳризода Шерматова.
Худди шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Козим Тошпўлатовнинг онаси «ҳали вояга етмаган боламни ўз манфаатингиз ва бўлмағур мақсадингиз учун алдаб, ижтимоий тармоқларда расмини ёйишдан виждонингиз қийналмадими? Сочингизни қаердан оқартирдингиз?» — деди бақирган ҳолатда.
Икки фермер ўртасида ҳал этилмаган маблағ масаласидаги можаро ҳамда А.Қурбоновнинг ушбу муаммони ечишда туман ҳокими орқали қўллаб-қувватланмагани унда аламзадаликни оширган. Бу уни далада пахта тераётган бир неча ўқувчиларни суратга олишдан ташқари, дала бошида ўт-ҳашак йиғиб юрган болаларни ҳам алдаб, расмга тушишга ундаган.
— 70 ёшга киряпман, аммо қизишиб кетганимни ҳам биламан. Менда бошқача тўғри йўл тутиш имконияти ҳам бор эди. Аммо бир нечта жойларга мурожаат этдим, ҳал бўлмади. Ҳозиргина туман ҳокими мени қийнаб келаётган муаммони бирор соат ичида ҳал қилиб бераман, деди. Яна такрорлайман, пешона терим эвазига менга тегишли бўлган ва ҳавода турган маблағимни ундириш ва аҳамият бермагач, ҳокимдан аламимни олиш, улар эътиборини жалб қилиш учун тушлик пайтида далага бориб, ҳолатни расмларга олиб қайтдим, — деди А.Қурбонов.
Маълумотга кўра, А.Қурбонов гўё «Улуғбек» МФЙ раиси Тожи Исомовни суратга олаётган баҳонасида телевизорга ва газетага чиқариш ваъдаси билан жўякда ўт-ҳашак йиғаётган болани пахта пайкалига олиб тушиб, уни суратга олган. Тожи Исомов ҳам бу ишга бевосита дахлдор бўлиб қолган.
Когон тумани ҳокими Йўлдош Жумаев «Дарё» мухбири билан суҳбатда туман ИИБ бўлими бошлиғи, тумандаги барча корхона, ташкилот ва таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига пахта йиғим-терими мавсумида вояга етмаган мактаб ўқувчиларини теримга умуман жалб қилмаслик бўйича талабнома билан чиққанини билдирган ва бу қатъий назоратга олинган.
Й.Жумаевнинг айтишича, фуқаро Абдусамад Қурбоновнинг ҳақиқатан ҳам ўзига тегишли маблағни «Турон Когон» фермер хўжалигидан ундириб олиш бўйича туман ҳокимлигига мурожаат этган. Унинг ерлари фермер Раҳим Сафаров ер майдонига жорий йилнинг 28 мартида қўшиб берилган ва бу масала фермер эътиборидалигини таъкидлаган. А.Қодировга бу борада бир неча марта билдирилган ва тегишли судларга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилган.
Р/С: Туман ҳокими ва собиқ фермер ўртасидаги келишмовчилик, ўзига тегишли маблағни ундириш учун оворагарлик аламини олиш ёки мутасаддилар таъбири билан айтганда, «саҳналаштирилган уйдирма» — суратларда акс этган ва далада пахта тераётган ўқувчи-ёшларнинг сийратини рад этмайди. Болалар меҳнатидан фойдаланмаслик учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бундай тортишувлар соясида қолиб кетмаслиги керак.
Изоҳ (0)